...
МЕНЮ
ONLINE TV

Жасур Умиров ва Жаҳонгир Позилжонов – бачканалик маррасига етганлар


15:42, 03.02.2016 Шоу-бизнес
 14 999

"Божалар"нинг клипини эфирга беришдан аввал “MY5” телеканали бадиий кенгаши аъзоларининг кўзи қаёқда эди. Маънавият, миллий ўзликни англаш ҳақида бонг урамиз-у унга амал қилишга келганда майда икир-чикирларни рўкач қиламиз...

“Биз эстрада санъатининг бугунги ва эртанги ривожи ҳақида сўз юритар эканмиз, авваламбор “миллий эстрада” деган иборанинг маъно-мазмунига алоҳида эътибор беришимиз, уни ҳар қандай бегона таъсирдан, айниқса, “оммавий маданият” руҳидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишимиз табиий, албатта. Бу ҳақда гапирганда, бир ҳолатни афсус билан айтишга тўғри келади. Айрим ёш ижрочи ва ижодий гуруҳларнинг жамоатчилик эътиборига тақдим этаётган “асар”лари санъатнинг ҳеч қандай талаб ва мезонларига жавоб бермайди. Нафақат мавзу ва мусиқа, ижро усуллари, балки саҳна ҳаракатларида ҳам очиқдан-очиқ ажнабий “оммавий маданият” кўринишларига тақлид қилиш, “юлдузлик” касалига чалиниш ҳолатлари тез-тез учраб тураётгани чинакам санъат мухлисларини ранжитмасдан қолмайди, албатта”.
Ислом Каримов,
“Юксак маънавият – енгилмас куч” асаридан
 
Бугун шоу-бизнес ҳақида сўз борганда сўнгги йилларда унинг анча ривожлангани, янгидан-янги овозлар пайдо бўлгани, йиллар давомида яшаб қоладиган қўшиқлар яратилаётганини алоҳида эътироф этиб ўтиш ўринли. Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидик баъзан мазмунан саёз ва тингловчига бадиий эстетик завқ, тарбия бера олмайдиган қўшиқлар ва клиплар ҳам учраб туради. Хонанда Жасур Умировнинг “Кабутарим” ва “Божалар” гуруҳининг “Вой бошим” номли қўшиқларини эшита туриб Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланган юқоридаги фикрлар хаёлимиздан ўтди. Асар чоп этилганига бу йил 8 йил тўлаётган бўлса-да, унда келтирилган фикрлар ҳамон ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Аксинча, кундан-кунга муҳим аҳамият касб этиб бораяпти.

Жасур Умиров қулоқни қоматга келтиргудек овоз соҳиби бўлса ҳам ёшлар орасида эътиборга тушган, қўшиқлари билан минглаб ёш-яланг мухлислар орттиришга улгурган хонанда. Унинг қўшиқлари ТВ ва радио эфирларида тинимсиз берилади. Хонанданинг “Кабутарим” номли қўшиғи ва унга ишланган видеоклипи шу кунларда кўплаб тингловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Қўшиқ сўзларига бир эътибор беринг.

Бир кун эрталаб туриб, машинамда айланиб,
Бир-бир айланай дедим, қуёш нурида товланиб.
Олой бозор томонда, “Алайский” томонда,
Бир қизни кўриб қолиб, капалагим учди мани.
 
Орқасидан ман югуриб, “юлдуз”лигим эсдан чиқиб,
Қизларга ёқар гапларни тинмайин унга сўзладим.
Ўртада бир кулиб олди, бир “серёзний” бўлиб олди,
Қизгина исмин сўрасам, эски танишим экан.

Жасур Умиров куйлаган нарсани қўшиқ дейишга тилимиз бормай турганди. Унинг сўзларини қоғозга тушириб шеър деган номга лойиқмаслигига ҳам амин бўлдик. Қизиқ, муҳаббатнинг таърифига жаргон сўзлардан бошқа тузукроқ таснифлар топилмадими? Умиров қўшиқда  “юлдуз”лигини рўкач қилгунча, арзирли сўз топиб айтса яхши бўлмасмиди? Қўшиқни тинглаб туриб мактаб ўқувчилар учун айтилгандирда дегинг келади-ку бироқ, бугунги интеллектуал жиҳатдан ривожланган мактаб ўқувчилари учун ҳам бу қўшиқнинг савияси анча пастдек... Шу ўринда савол туғилади: Жасур Умиров қўшиқни қайси аудитория учун куйлаган экан?



Қўшиқ тингловчининг асабини эговлагани етмагандек, унга ишланган видео клип одамни жазавага тушириши ҳеч гап эмас. Бир вақтлар хонанда Бунёдбек Саидов “Миллион қизлар” деб куйлаб чиққанди. Унинг клипида ҳам ўзбек қизлари Бунёднинг ортидан қувишарди. Бу гал навбат Жасурга тегибди. Қизиқ, реал ҳаётда ҳам Жасур Умировнинг ортидан ўзбек қизлари шундай қувармикан? Жасур қўшиқ ва клип орқали томошабинга нима демоқчи бўлган. “Кубутарим”, “Олмахоним мани” деб аталаётган қизнинг камера қаршисидаги рақсини ўзбек қизларига хос хатти-ҳаракатлар дейиш мумкинми?
 
Гапни гапир уққанга, жонни жонга суққанга. Жаҳонгир Позилжоновнинг ижоди ҳақида сўз кетганда негадир шу гаплар ёддан ўтади. Неча йиллардан буён хонанданинг қўшиқлари танқид қилиниб, миллий эстрада санъатининг талабларига жавоб бермаслиги бот-бот такрорланса ҳам натижа сезилмайди. Хонанданинг “MY5” телеканали орқали эфирга бериб борилаётган “Вой бошим” номли қўшиғини эшитган бўлсангиз керак. Қўшиқда на маъно бор ва уни айтишдан мақсад. Сўзлар мусиқага тушса бўлди, нима айтиляпти, унда мазмун, қофиянинг бор йўқлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди.



Ўзбекистоннинг бой маданий меросини тарғиб этиш, ёшларда Ватанга муҳаббат ҳиссини шакллантириш асосий мақсади бўлган “MY5” телеканали бадиий кенгаши аъзоларининг кўзи қаерда? Ё клипни намойиш этиш учун телеканалга  тўланаётган маблағ ҳар қандай эътирозларни пучга чиқаряптими? Наҳот, Жасур Умировнинг “Кабутарим”ини эфирга беришга нолойиқ деб топган бадиий кенгаш аъзоларининг Позилжоновга келганда тишлари ўтмай қолган бўлса? “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ўтган йилнинг августида бундан буён радио ва ТВ эфирлари орқали бериладиган қўшиқларни назоратга олиши, савиясиз қўшиқлар бадиий кенгашлардан ўтмаслигини маълум қилган эди. Хўш, бу гаплар амалдаги исботини топмай қолиб кетаверадими?

Истиқлол йилларида Ўзбекистонда маънавиятни юксалтириш, миллий ўзликни англаш, ёшлар онгини турли хил ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, бой маданий тарихимизни асраб-авайлаш масаласига жиддий эътибор қаратилди. Бу йўлда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистонда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг негизида эртанги кун яратувчиси бўлган ёшларни турли маънавий таҳдидлардан асраш масаласи ётибди. Санъаткорлар ва уларнинг тутруқсиз қўшиқлари билан эфир вақтларини тўлдириб бораётган телеканаллар бу ишда масъул эканликларини, ёшлар, минглаб тингловчилар улардан ўрнак олаётганини унутмасалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ахир қўшиқ хит бўлиб, унга одамлар тинимсиз рақсга тушиб, тўй-ҳашамларнинг энг шўх яллаларидан бири бўлди дегани санъаткор халқ олдидаги бурчини адо этди дегани эмас.

Фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

Теглар:Жасур Умиров Божалар Ўзбекнаво MY5 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Tolib
14:50 16.09.2016

Жахонгир Позилжонов, Жасур Умеров бу бемазза ковунни номларини жуда куп мисол келтириш мумкин.


Acchiq Qalampir
10:21 25.02.2016

Божалар гурухи солисти Жахонгир Позилжонов 40 ёшга етай деб колганига карамасдан гирт бачкана кушиклар ишро килмокда. Келажак авлод бу бачкана инсондан кандай урнак олсин. Машхурлик чуккисига чикволиб энди хохлаган конспектларни кушик килиб чикаверар эканда. Жасур Умировни хонанда деб аташга уяласан киши. Кийинишини узи эркак эмас аёлсифатга ухшаб кетади. Минг афсуски бу бачкананинг хам узига ухшаган мухлислари куп. Бундай бемаъни кушикчиларни Узбекнаводан тозалаш к-к. Чулга чикиб чўпоннинг қўйларга қўшиқ айтсин. Балким қўйлар хам эшитмаса к--к.


Xusanboy
18:02 24.02.2016

Bojalar bajkana bolib kettyapti Nima diyatganini ozi bilarmikin


miss
01:26 19.02.2016

To'ppa to'g'ri bula otirgan joyida og'ziga kegan gapi qo'shiq qilib chiqarishdan boshqa narsani bilishmidi bunaqa ashulachilani litsenziyasini olib qo'yish kere


javlon
07:05 13.02.2016

bunaqa konspekt o'qiydiganlarni bitta qoldirmay tozalash kk o'zbek estradasidan



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!