“1992 йил Жанубий Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён дўстона муносабат мунтазам ривожланиб бораётгани муҳим аҳамиятга эга”, дейди Пак Кин Хе Шавкат Мирзиёевга юборган табригида.
Табрикда қуйидаги сўзлар битилган:
– Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганингиз ва халқингиз қўллаб-қувватлагани билан самимий табригимни қабул қилгайсиз. Ўзбекистон Сизнинг раҳбарлигингизда тараққиёт ва фаровонлик йўлини давом эттиришига ишонаман. Сиз кўп йиллар мамлакатнинг Бош вазири сифатида самарали фаолият кўрсатдингиз.
1992 йил Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён дўстона муносабатларимиз мунтазам ривожланиб бораётгани муҳим аҳамиятга эга. Яқинда барпо этилган Сурғил газ-кимё мажмуаси каби муваффақиятли лойиҳаларимиз ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз янада кенгайишига ишонаман.
Келгуси йил мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги ва корейсларнинг Марказий Осиёга кўчишининг 80 йиллигини нишонлаймиз, дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган стратегик шериклик муносабатларимиз янада чуқурлашишига умид қиламан. Сиз, Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик ва улкан муваффақиятлар, Ўзбекистон Республикасига абадий фаровонлик тилайман.
Пак Кин Хе,
Корея Республикаси Президенти