Бир қанча одамларнинг бир мақсад йўлида бирлашиши орқали қисқа вақтда ёлғизликда ишлагандан анчагина кўп ютуққа эришиш мумкин.
Жамоада муваффақиятли ишлаш – бу фақатгина ўз топшириқлари билангина эмас, балки умумий вазифаларни ҳам ёддан чиқармасдан барча учун фойдали натижага интилиш демакдир. Бир қанча одамларнинг бир мақсад йўлида бирлашиши орқали қисқа вақтда ёлғизликда ишлагандан анчагина кўп ютуққа эришиш мумкин.
Жамоа ўйинчиси сифатида муваффақиятли бўлиш учун қандай сифатларни ўзлаштириш ва ривожлантириш лозим?
Максимал даражада масъулиятли бўлинг
Жамоада ишлашда энг муҳими – умумий мақсадни белгилаш ва вазифаларни тақсимлаб олиш. Ўзингизга қурбингиз етганидан ортиқча вазифа олиб, қуруқ ваъдалар беришнинг кераги йўқ. Шу билан бирга, бошқа бири сиз учун нимадир қилишини кутманг. Жамоада ишлаётганда муваффақиятга эришиш сиз бажараётган ишга боғлиқдек ҳаракат қилинг ва вазифани имконият даражасида яхши бажаринг. Ёдингизда бўлсин, вазифани вақтида бажара олмасангиз сизга ишонган одамларга панд берасиз.
Ўзаро қўллаб юборишга тайёр бўлинг
Жамоа билан бир мақсад йўлида ҳаракатланаётганда бошқа иштирокчиларга ёрдам беришга тайёр туринг. Сизга мурожаат қилишганда маълумотлар ва контактлар қидиришда ёрдам беринг. Доим ёдингизда турсин – сиз жамоанинг муҳим аъзосисиз.
Мусобақалашманг
Умумий мақсад йўлида шахсий бирор нарсадан воз кечиш кўникмасини шакллантиринг. Албатта, ҳар қандай карьерада муваффақиятга эришишда рақобатбардошлик муҳим. Бироқ жамоа билан ҳаракатланаётганда эҳтиёткор бўлиш зарар қилмайди. Масалан, ўз муваффақиятлари билан мақтаниш ва жамоадаги ролига диққатни тортиш жамоавий ўйинчи учун яхши эмас.
Бағрикенг бўлинг
Ҳар қандай жамоада бағрикенг бўлиш ва можаро келиб чиқишидан қочиш жуда муҳим. Жамоадаги ҳар қандай қарама-қаршилик ва тушунмовчилик якуний натижага салбий таъсир қилиши мумкин. Шахсий муаммоларингизни ишдан ташқарида қолдиришга ва диққатни умумий мақсад йўлида жамлашга ҳаракат қилинг.
Бошқаларнинг фикрига ён босинг
Мулоқот олиб бориш ва тинглаш, ўз фикрида қола билиш ва ён босиш, ишонтириш ва муросага келиш – ушбу кўникмаларнинг барчаси жамоа ичида ўзаро келишувга эришиш учун муҳим. Жамоадошларингизни танқид қилиш ўрнига кўпроқ уларни тинглашга ҳаракат қилинг.
Мослашувчан бўлинг
Жамоада мослашувчан бўлиш бошқариш, бўй суниш, мақсадга кўра вазифаларни тақсимлай олиш демакдир.
Сермаҳсул жамоада ҳар бир одам ўзи энг яхши уддалай оладиган ишни бажаради. Камчиликлар ўзаро ҳамкорлик натижасида кўринмай кетади.
Суннатилла Абдуллаев