...
МЕНЮ
ONLINE TV

Истанбулдаги тунги клубда теракт содир этган террорчи қўлга олинди


12:33, 17.01.2017 Олам
 7 938

Тезкор операция вақтида қўлга олинган террорчининг ёнида 4 ёшли ўғли ҳам бўлган.

Янги йил кечаси Истанбул шаҳридаги Reina тунги клуби меҳмонлари учун даҳшатли воқеа сифатида ёдда қоладиган бўлди. Шу куни клубда теракт содир этилгани ҳақида хабар берган эдик. Номаълум шахснинг ресторанга бостириб кириб, атрофга автомат орқали ўқ узиши оқибатида 39 киши ҳаётдан кўз юмди. Улар орасида хориж фуқаролари 15 нафаран ортиқни ташкил этади.
 
Кейинчалик клубга ўрнатилган камера ёзувлари орқали террорчининг фотосуратлари эълон қилинди. Ана шу сурат ва бошқа видеолар орқали террорчи ҳақида турли маълумотлар тўпланди. Коньяга оиласи билан келган террорчи бу ерда Юсуф Хожа исмини олган яна бир террорчи билан учрашган. Улар 15 декабрга қадар теракт режасини тузганлиги аниқланди.
 

Террорчи эса Абу Муҳаммад Хуросоний тахаллуси билан ҳаракат қилган бўлиб, асл исми Абдулқодир Машарипов эканлиги ошкор бўлди. Туркия ОАВларининг айримлари уни ўзбекистонлик эканлиги ҳақида хабар тарқатишганди, аммо бу маълумот ҳамон ўз тасдиғини топмаган. Ҳозирга қадар Туркия ва жаҳоннинг бошқа етакчи ОАВлари унинг миллати ва қайси мамлакат фуқароси эканлиги борасида аниқ факт келтирмаган.
 
Кеча, 16 январь куни кечаси Абу Муҳаммад Хуросоний тахаллусини олган Абдулқодир Машарипов исмли шахс Эсенюрт туманида олиб борилган тезкор қидирув ишлари чоғида шу ердаги турар-жойларнинг биридан топилган ва қўлга олинган. Бу ҳақда “Daily Sabah” нашри хабар тарқатди.

Истанбул шаҳри полицияси ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган операция вақтида қўлга олинган террорчининг ёнида 4 ёшли ўғли ҳам бўлган. Шунингдек, у яширинган уйда яна бир эркак ва уч аёл ҳам борлиги айтилмоқда. Аёллар Сенегал, Сомали ва Миср фуқаролари бўлган. Баъзи манбаларда уларнинг барчаси Қирғизистон орқали Туркияга келганликлари ҳақида маълумотлар келтирилган.
 
Аввалроқ, полиция томонидан террорчининг турмуш ўртоғи ва оила аъзолари қўлга олиниб, сўроқ қилинганди. Унинг аёли эри, яъни Абдулқодир Машариповнинг ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадор эканлиги борасида телевидение орқали берилган ахборотлар орқали хабар топганини айтган. Маълумотларга кўра, 1 январь куни теракт содир этилганидан сўнг, террорчи Зейтинбурну туманидаги уйига борган ва у ердан 4 ёшли ўғлини олиб, чиқиб кетган. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Reina Абдулқодир Машарипов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!