Шарқий Қуддусдаги черков мулкларига 191 миллион доллар солиқ белгиланган.
Қуддус ва муқаддас жойларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ислом-христиан комиссияси бош котиби Ҳанна Иссанинг “Anadolu” агентлигига хабар беришича, Исроил черковнинг тўлай олмаслигини била туриб, унинг мулкларига 191 миллион АҚШ доллари миқдорида солиқ белгилаш орқали уларга эгалик қилмоқчи.
Бош котибнинг билдиришича, Қуддуснинг Эски Шаҳар районидаги кўчмас мулклар ўрганилиб, уларнинг 29 фоизи мусулмон фондларига, 28 фоизи хринстианларга тегишли эканлиги аниқланган. Черков мулкларига ер, дўкон, мактаб, шифохона ва меҳмонхоналар киради.
Иссанинг таъкидлашича, Қуддусдаги Яратган қабри номи билан машҳур бўлган Масиҳнинг тирилиши ибодатхонаси Исроилнинг диний жамоалар мулкини солиққа тортишига норозилик сифатида ёпилган.
Ибодатхонанинг ёпилиши христианлар учун фалокат деган маънони англатади, деб қўшимча қилди у.
Бош котибнинг сўзларига кўра, агарда Исроил диний жамоалар мулкини солиққа тортиш фикридан қайтса, бу Исроил оккупациясига қарши курашда Қуддусдаги мусулмон ва христианларнинг муваффақияти бўлади.
Қуддусни “яҳудийлар шаҳри” деб ҳисоблаган Исроил, солиқлар орқали бутун шаҳарни назорат қилмоқчи эканлигини алоҳида таъкидлайди Исса.
Унинг сўзларига кўра, Исроилни бундай фикрга келишида АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш ҳақидаги қарори сабаб бўлган.
Бош котиб араб ва мусулмон давлатларини Қуддусни сақлаб қолиш учун “ягона стратегия ва режа ишлаб чиқишга” чақирмоқда.