МОҚ Исроил Мадримовга делегация байроқдори бўлиш каби вазифани ишониб топширганди. У ишончни оқлади.
Хабарингиз бор Исроил Мадримов мусобақада Ўзбекистон делегациясининг байроқдори сифатида иштирок этди ва якунда олтин медальни қўлга киритди.
Миллий Олимпия қўмитаси Индонезиядаги Осиё ўйинларида ушбу шарафли вазифани тўрт йил олдинги мусобақада кумуш медаль эгасига айланган боксчи, Осиё чемпиони ҳисобланган Исроил Мадримовга ишониб топширганди.
Бу ўз навбатида спортчи учун кутилмаган ҳолат бўлганди: “Бу мен учун шараф. Байроқдор бўлишни ҳар бир спортчи орзу қилади. Мен ҳам бу ҳақида орзу қилгандим. Бироқ, бизда истеъдодли спортчилар жуда кўп бўлгани сабаб, мен учун кутилмаган янгилик бўлди. Ўзимга билдирилган ишончни оқлаб, якунда ватанимизга чемпион сифатида қайтаман”, деган эди Мадримов Жакартага кетиш олдидан.
Исроил мусобақа давомида жуда ишончли ҳаракат қилди ва финалга етиб борди. Олтин медаль учун курашда эса уни жиддий рақиб кутиб турарди. Тасодифни қарангки, Абилхан Аманкул Қозоғистон спорт делегациясининг байроқдори эди.
Ҳал қилувчи жангда Исроил қўшниларимизнинг энг ишонган спортчисини мағлуб этди ва Осиё ўйинлари ғолибига айланди.
Эътиборлиси, ушбу олтин медаль орқали Исроил Ўзбекистон байроқдорларига оид нохуш бир анъанани бузишга муваффақ бўлди. 1994 йилдан буён Осиё ўйинларида байроқдор бўлган спортчиларимиз якунда олтин медалга эга чиқа олмаганлар. Исроил Мадримов бу борада биринчи бўлди.