Ушбу жараён беморларга саломатлигини тиклаш учун катта имконият яратган бўлса, Ўзбекистон кардиожарроҳлари учун мастер-класс ҳам бўлади.
Ташриф давомида Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош кардиохирурги Л.А.Бокерия Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиалида бўлиб, ўзбекистонлик шифокорлар фаолияти билан яқиндан танишди.
Жорий йилдан Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиалига ангиография тиббиёт ускунаси ўрнатилди. Ушбу замонавий аппарат юрак ҳолатини чуқур ўрганиш баробарида, ўпка артерияси босимини ҳам мукаммал таҳлил қилиш имконини беради. Бу билан кардиожарроҳликда энг мураккаб амалиёт ҳисобланадиган қон томирларини стентлаш жарроҳлик амалиёти, аорта коронар шунтлаш амалиёти ўтказиш учун зарур шароитлар яратилди.
Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда ҳар минг чақалоқнинг 6-7 нафарида туғма юрак нуқсони қайд этилади. Ваҳоланки, бу хасталикни операция йўли билан бутунлай бартараф этиш ва беморни тўлақонли ҳаётга қайтариш мумкин. Лекин бундай жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун барча клиникаларда ҳам етарли шароит мавжуд эмас.
Шу вақтгача Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиалида вазни 10 килограммдан кам бўлган чақалоқларда кардиожарроҳлик амалиёти ўтказилмаган. Аммо бундай оғир хасталикка чалинган болалар қанча эрта даволанса, касалликни асоратсиз бартараф этиш шунчалик самарали бўлади. Жаҳонга машҳур илмий-амалий марказ филиали Хоразмда иш бошлаши хорижлик ҳамкасблар билан бирга шу ернинг ўзида бир ёшгача бўлган болаларда ҳам муракаб юрак жарроҳлигини амалга ошириш имкониятини беради.
Академик Л.А.Бокериянинг юртимизга ташрифи давомида кардиожарроҳлар учун маҳорат дарслари ва кардиожарроҳликнинг долзарб масалаларига бағишланган суҳбатлар ҳам ташкил этилди.
Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош кардиохирурги Л.А.Бокерия юртимиз мутахассислари билан ҳамкорликда Хоразм вилоятида юрак-қон томир касалликларининг оғир асоратли турлари билан оғриган беморларда жарроҳлик муолажаларини ўтказади.
Ушбу жараён беморларга саломатлигини тиклаш учун катта имконият яратган бўлса, Ўзбекистон кардиожарроҳлари учун мастер-класс ҳам бўлади.
Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош кардиохирурги Л.А.Бокерия шу йилнинг 4 июнига қадар Хоразм вилоятида бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун иккита россиялик мутахасислар бригадаси бир неча кун давомида кураш олиб борган эдилар. Ушбу бригадаларнинг кардиожарроҳлар жамоасига айнан Лео Бокерия бошчилик қилганди.