...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ислом Каримов ҳарбий хизматчиларга байрам табригини йўллади


22:58, 13.01.2016 Жамият
 3 504

“Uza.uz” сайтида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига  йўллаган байрам табриги чоп этилди. Мазкур табрикни тўлалигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, қадрли юртдошлар! 

Сизларни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана – Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 24 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиш менга улкан мамнуният бағишлайди. 

Биз чорак аср мобайнида босиб ўтган мураккаб йўлимизга назар ташлар эканмиз, ўз вақтида қабул қилинган ва чуқур ўйланган ислоҳотлар дастурини амалга ошириш натижасида Ўзбекистон бугунги кунда профессионал тайёргарликка эга бўлган, яхши таъминланган, Ватанимиз ва халқимизга садоқатли, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли вазифаларни самарали адо этиш, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиясига эга, деб айтишга барча асосларимиз бор. 

Мамлакатимизнинг замонавий Қуролли Кучларини ташкил этишда ҳарбий қурилиш соҳасига принципиал жиҳатдан янгича ёндашувнинг ишлаб чиқилгани кўп жиҳатдан ҳал қилувчи омил бўлди. Бу ёндашув эски, ўз умрини ўтаб бўлган, бир қолипдаги қарорлардан бутунлай воз кечиш, эҳтимол тутилган ҳарбий ҳаракатлар театри ҳамда яқин ва узоқ ён-атрофимизда шиддат билан ўзгариб бораётган вазиятнинг ўзига хос хусусиятларини ҳар томонлама ҳисобга олиш, шунингдек, хорижий давлатларнинг тажриба ва ютуқларини амалий жиҳатдан пухта ўзлаштиришга асосланганини таъкидлаш лозим. 

Бугун биз, миллий армиямиз тарихий ва миллий анъаналаримизни сақлаган ҳолда, ҳарбий қурилиш ва ҳарбий санъат соҳасида дунёдаги энг яхши тажрибаларни ўзлаштириб, чегараларимиз хавфсизлигини таъминлашнинг ишончли кафолатига айланди, деб ғурур билан айта оламиз. Ўзбекистон Қуролли Кучларининг таянчи ва суянчи бўлган замонавий ҳарбий хизматчилар тимсолида биз авваламбор чуқур билим ва интеллектуал салоҳиятга, ўз муқаддас ҳарбий бурчини бажариш йўлида қатъий ирода ва мустаҳкам тайёргарликка эга бўлган, она юртимизга садоқатли, мард ва фидойи инсонларни кўрамиз ва улар билан ҳақли равишда фахрланамиз. 

Қадрли дўстлар! 

Биз яшаётган бугунги замон ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмаслигини барчамиз ўзимизга доимо яхши тасаввур қилганмиз ва тасаввур қиламиз. Ҳозирги кунда жаҳон миқёсида вазият қандай тез ўзгариб, дунёнинг айрим минтақаларида аҳвол тобора кескин тус олаётгани, турли қарама-қаршиликлар, можаро ва қон тўкишлар кучайиб, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи ортиб бораётгани, яқин ён-атрофимизда давом этаётган ҳарбий тўқнашувлар бизда чуқур ташвиш ва хавотир туйғусини уйғотмасдан қолмайди, албатта. 

Юзага келаётган ана шундай мураккаб ва оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган вазият барчамиздан юқори даражадаги огоҳликни сақлаш ва доимий тайёргарлик ҳолатида бўлишни, миллий армиямизни янада ислоҳ этишга қаратилган эътиборни кучайтиришни, уни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги самарасини оширишни, бир сўз билан айтганда, Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти ва жанговар қобилиятини ҳар томонлама мустаҳкамлашни талаб этади. 

Шу муносабат билан бугунги кунда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш ўта муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайман: 

Биринчидан, вужудга келаётган ҳарбий-сиёсий вазиятни, замонавий ҳарбий санъат соҳасидаги ютуқлар ва ҳарбий қурилиш борасида тўплаган тажрибамизни, шунингдек, юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар театрининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, миллий армиямизнинг ташкилий тузилиши ва жанговар таркибини, қўшинларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш лозим. 

Ўзбекистонга қўшни минтақаларда вазият доимий равишда ўзгариб, таҳдидлар кучайиб бораётган, мамлакатимиз ҳудудига турли босқинчи тўдалар ва қўпорувчи гуруҳларнинг суқилиб кириш эҳтимоли истисно этилмаётган бир шароитда ҳарбий тузилмаларни, биринчи навбатда, хавф-хатар юқори бўлган операцион йўналишларда янада мустаҳкамлаш ва сафарбар этишга устувор аҳамият бериш зарур. 

Айниқса, ўтказилаётган жанговар машғулотларга алоҳида эътибор қаратиш ва ушбу йўналишдаги принцип ва ёндашувларни тубдан қайта кўриб чиқиш, машғулотларни ҳар қайси ҳудуд ва минтақадаги мавжуд реал шароитга энг юқори даражада яқинлаштириш, эҳтимол тутилган душманнинг амалга ошириши мумкин бўлган ҳаракатлари хусусиятларини аниқлаш, қўмондонлик таркиби ва штабларни вазиятни ҳар томонлама баҳолаш ва асосланган қарорлар қабул қилишга ўргатиш ўта муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, қўшинларни тезлик билан бир жойдан бошқа жойга кўчириш масалаларини амалий машғулотларда синовдан ўтказиш, ҳар қайси ҳарбий хизматчининг қурол-яроғ ва техникани ишончли равишда ишлата олиши, жисмоний ва маънавий-руҳий жиҳатдан ўта оғир ва мураккаб вазиятларда ҳам мустаҳкам ирода ва матонат кўрсатиб, ўз вазифасини соғ-омон адо этиши учун уларнинг индивидуал малакасини мунтазам равишда ошириб бориш зарур. 

Ана шу мақсадларга эришишда полигонларнинг тўлақонли фаолият юритишини ва улардан кенг фойдаланишни таъминлаш, бунинг учун уларнинг инфратузилма ва ўқув моддий-техник базасини ҳар томонлама ривожлантириш борасидаги ишларни давом эттириш даркор. 

Иккинчидан, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳияти, уларнинг ҳаракатчанлиги ва тезкорлигини янада оширишга, махсус операциялар учун мўлжалланган кучлар, вертолётлар ва қўшимча равишда жалб этилган бошқа техникалардан фойдаланган ҳолда, душманнинг заиф нуқталарига зудлик билан шиддатли зарбалар бериш малакасини пухта эгаллашга имкон берадиган қурол-яроғ ва техникаларнинг энг янги турлари билан қўшинларни таъминлаш дастурларини босқичма-босқич амалга ошириш зарур. 

Учинчидан, қўмондон ва сержант кадрлар таркибини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш масалаларига эътиборни бир зум ҳам сусайтирмаслик лозим. Бу борада ҳарбий хизматчиларимизнинг ўз профессионал, назарий ва амалий билимларини узлуксиз ошириб бориши, хизматни ўташ ва жанговар фаолият давомида зарур бўладиган тажриба ва кўникмаларни эгаллаши учун барча имкониятларга эга бўлган Қуролли Кучлар Академияси, ҳарбий билим юртлари ва сержантлар тайёрлаш мактабларининг ўқув тизимини такомиллаштиришга қаратилган ишларни давом эттириш долзарб аҳамиятга эга. 

Шулар қаторида миллий армиямизнинг замонавий қурол-аслаҳа ва техника билан босқичма-босқич таъминланиши, унинг жанговар таркиби ва тузилишидаги ўзгаришлар, қуролли тўқнашувларнинг ўзгариб бораётган хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, мутахассисликлар таркиби, ҳарбий фанларни ўқитишнинг метод ва технологиялари ҳамда ўқув дастурлари рўйхатини доимий тарзда янгилаб, уларга аниқлик киритиб бориш мақсадга мувофиқдир. 

Шунингдек, ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркибининг малакасини янада ошириш, уларнинг чет тилларини эгаллаши, таълим жараёнларини ташкил этиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштириши ва ўқув ишларига энг янги ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш устувор вазифамиз бўлиб қолмоқда. 

Айни пайтда Қуролли Кучлар Академияси ва мамлакатимизнинг шу йўналишдаги бошқа таълим муассасаларида ҳарбий фанларнинг энг зарур ва долзарб йўналишлари бўйича дарс бериш учун хорижий давлатларнинг етакчи ҳарбий таълим муассасалари ва тадқиқот марказлари ўқитувчилари, эксперт ва мутахассисларини кенг жалб этиш борасидаги ишларимизни тизимли ва изчил асосда кучайтиришимиз керак. 

Тўртинчидан, дунё шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги замонда, халқимизнинг маънавий қадриятлари, маданияти ва урф-одатларига мутлақо зид бўлган, ёт ва бузғунчи ғояларни жамиятимиз ҳаётига турли йўллар билан сингдиришга қаратилган уринишлар кучайган, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онгини эгаллаш учун кескин кураш кетаётган бир шароитда, ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматгача бўлган ёшдаги фарзандларимизни тарбиялаш ва уларнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини ошириш борасидаги ишларнинг роли ва ўрни тобора ортиб бормоқда. 

Шу муносабат билан таълим муассасалари, ҳарбий ва меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда ёшларимиз қалбида Ватанга юксак муҳаббат, Қуролли Кучларимиздан ғурурланиш ва ҳарбий хизматга чуқур ҳурмат туйғуларини камол топтириш мақсадида ҳарбий ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишларни янада кучайтириш, ҳеч шубҳасиз, алоҳида муҳим аҳамият касб этади. 

Ана шундай узоқ муддатга мўлжалланган, долзарб вазифаларни амалга оширишда Мудофаа вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари ва тузилмалар, маданият, санъат ва спорт соҳаларининг кўзга кўринган намояндаларининг ўрни ва таъсири беқиёс, албатта. 

Бундай ўта муҳим ишда расмиятчилик ва юзаки ёндашувлардан воз кечган ҳолда, оммавий ахборот воситалари ва Интернетнинг миллий тармоғи имкониятларидан кенг фойдаланиш катта аҳамиятга эгадир. 

Бешинчидан, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тураржой, маиший ва тиббий хизмат билан таъминлаш бўйича давлат дастурларини сўзсиз бажариш зарур. Юртимизда 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши муносабати билан қабул қилинган ҳукумат қарорлари ва давлат дастурлари доирасида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ, комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш лозим. 

Мамлакатимиз Қуролли Кучлари нуфузини янада мустаҳкамлашнинг ҳал қилувчи омили аввало ҳарбий хизматни ўташ учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, ҳарбий хизматчилар ва уларни оилаларининг ижтимоий ҳимояси ва фаровонлигини таъминлаш билан узвий боғлиқдир. 

Ҳурматли ватандошлар! 

Фурсатдан фойдаланиб, бизнинг Ҳарбий доктринамиз мудофаа характерига эга эканини, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини ошириш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларимиз биринчи навбатда мамлакатимизнинг давлат суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга қаратилганини яна бир бор таъкидламоқчиман. 

Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмайдиган давлат сифатида, ҳар томонлама чуқур ўйлаган ва тўлиқ англаган ҳолда, ўзи учун принципиал аҳамиятга эга бўлган муҳим йўлни танлаб олди ва шу йўлда қадам қўйди. Яъни, мамлакатимиз тинчликсевар сиёсат олиб бориш, ҳарбий-сиёсий иттифоқ ва коалицияларга қўшилмаслик, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий база ва объектларни жойлаштирмаслик, юртимиздан ташқарида бўладиган тинчликпарварлик операцияларида қатнашмаслик бўйича ўз позициясини аниқ-равшан белгилаб олди. 

Бугунги байрам айёмида, авваламбор, ўзининг шарафли, олижаноб ва масъулиятли бурчини – Ватанни ҳимоя қилишдек буюк вазифани муносиб адо этаётган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига чин қалбдан ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдираман. 

Янги – 2016 йилда Қуролли Кучларимиз сафларида муқаддас бурчини бажариб келаётган сиз, мард ва ботир ўғлонларимизга – оддий аскар ва сержантларга, офицер ва генералларга Ватанга садоқат билан хизмат қилиш йўлида мустаҳкам соғлиқ, куч-қувват ва катта муваффақиятлар, хонадонларингизга бахт ва фаровонлик тилайман. 

Теглар:Президент табриги 14 январь Ватан ҳимоячилари куни 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар