11 февраль куни Оқсаройда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раислигида болалар спортини ривжлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Президент Ислом Каримов ташкил этилганига бу йил 14 йил тўлаётган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг фаолиятига назар ташлаб, жамғарма томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан атрофлича фикр юритди.
“Болалар спортини ривожлантириш, уни давлат сиёсати даражасига кўтариш мақсадида махсус Жамғарма ташкил қилиб, ўз олдимизга қўйган вазифаларни адо этишда биз нималарга эришганимиз ҳақида, қандай хулосалар чиқаришимиз зарурлиги ҳақида гаплашиб олсак, айни муддао бўлар эди”, – дейди давлат раҳбари.
Йиғилишда болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ва қўлга киритилган ютуқлар аниқ рақамлар ва мисоллар асосида кўриб чиқилди.
Унга кўра, 2005 йилда Ўзбекистонда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг 30 фоизи, жумладан, қишлоқ жойларда 29 фоизи спорт билан шуғулланган бўлса, 2015 йилда бу рақамлар тегишли равишда 57,2 фоиз ва 56 фоизни ташкил этди. Айни шу ёшдаги болалар 2005 йилда 43 турдаги машғулотларга қатнаган бўлса, бугунги кунда улар 59 та спорт тури билан шуғулланяпти.
Йиғилиш давомида Президент Ислом Каримов қиз болаларнинг спорт билан шуғулланишига шарт-шароитлар яратиш масаласи ҳақида сўз юритар экан қуйидаги рақамларни келтириб ўтди.
“Қиз болаларни оммавий спортга жалб этиш борасидаги амалий ишларимиз ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтишимиз зарур. Бу кўрсаткичлар 2005 йилда 24 фоизни, жумладан, қишлоқ жойларда 22 фоизни ташкил этган, холос. Бугунги кунда қиз болаларнинг 47 фоизи, қишлоқ жойларда эса 44,7 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланиб келаётгани барчамизга мамнуният етказади.
Вилоятлар миқёсида олиб қараганда, 2015 йилда қиз болаларнинг спорт билан шуғулланиши Фарғона вилоятида 47,6 фоизни, Наманган вилоятида 47,5, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида 47,4 фоизни ташкил этгани эътиборга лойиқ, албатта”.
Сўнги йилларда Ўзбекистон болаларининг халқаро майдонларда юрт шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Ватан номини дунёга танитиб қайтаётганига бутун дунё гувоҳ бўлиб турибди. Биргина 2015 йилда 1 минг 668 нафар спортчи, жумладан, 567 нафар қиз 165 та халқаро мусобақада иштирок этиб, 983 та медални қўлга киритгани йиғилишда алоҳида эътироф этилди.
Мамлакат раҳбари қиз болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши масаласига яна бир бор эътибор қаратиб “Қиз бола соғлом ва бахтли бўлса, у қурадиган оила ҳам, унинг меваси бўлмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади. Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият бахтли ва фаровон бўлади”, – деб таъкидлади.
Йиғилиш давоми Президент Ислом Каримов мамлакатда болалар спортини ривожлантириш, ёшлар, айниқса, қизларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенг жалб этиш, сузиш ҳавзаларида улар учун қулай шароит яратиш, бунинг учун хотин-қизлар қўмиталарининг фаоллигини ошириш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтди.