Грант соҳиблари учун ўқиш жорий йилнинг октябрь ойидан бошланади.
Лола Каримова фонднинг илк хайрли лойиҳаси ҳақида ҳам ижтимоий тармоқлар орқали маълумот тарқатган эди. Фонднинг васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляева Европа ва АҚШ олий ўқув юртларида магистратура йўналиши бўйича таҳсил учун грантлар танловининг саралаш босқичи ҳақида маълумот берган эди.
Энди эса Лола Каримова Ислом Каримов номидаги Фонд томонидан чет элнинг пешқадам олийгоҳларида магистратура йўналиши бўйича таҳсил учун эълон қилинган грант соҳиблари аниқланганини маълум қилди. Ушбу танловда жами 300га яқин ёшлар қатнашган эди.
“Ғолибларимиз мутахассислик ва чет тилидан ўтказилган имтиҳон ва тестларда барча иштирокчилар орасида энг кўп балл тўплаб, ўз билим ва иродалари туфайли грант соҳиби бўлдилар”, дейилади хабарда.
Танлов ғолиблари билан танишинг:
1. Усмонов Мирусмон (Тошкентдаги Турин политехника университетининг битирувчиси)
2. Миртурсинов Мадиёр (Турин политехника университети, Тошкент)
3. Асадов Бекзод (Турин политехника университети, Тошкент)
4. Искандаров Нурсултон (Тошкент мелиорация ва ирригация институти)
5. Махкамова Лазизахон (Тошкент архитектура-қурилиш институти)
6. Қамбаров Фарходжон (Турин политехника университети, Тошкент)
7. Турсуналиев Улугбек (Турин политехника университети, Тошкент)
8. Гардер Ник (Губкин номидаги Россия давлат университетининг Тошкентдаги филиали)
9. Мирзахмедов Отабек (Турин политехника университети, Тошкент)
10. Усмонов Абдижалол (Турин политехника университети, Тошкент)
11. Нурмаматов Жахонгир (Турин политехника университети, Тошкент)
12. Фейзуллаев Алим (Тошкент архитектура-қурилиш институти)
Грант соҳиблари учун ўқиш жорий йилнинг октябрь ойидан бошланади.
Қайд этиш керак, бу йилги танлов қуйидаги мутахассисликлар бўйича ўтказилди: табиий фанлар (қайта тикланувчи энергия манбалари ва кимё), сув ва ер ресурсларини бошқариш, машинасозлик технологиялари, озиқ-овқат технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги, архитектура (шаҳарсозлик, тарихий обидаларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш), дизайн (маҳсулот дизайни, саноат ва меъморлик дизайни) ҳамда рассомлик.
“Ислом Каримов Фонди номидан барча ғолибларни чин қалбимдан табриклайман ва ўқишларида омад тилаб қоламан. Улар чет элнинг пешқадам олийгоҳларида таълим олиб, ўз билимлари билан келажакда Ватанимиз равнақига ҳиссаларини қўшишига аминман”, дея табриклади Лола Каримова.