Ёшларимиз “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Юртимизда 2000 йил – “Соғлом авлод йили”, 2001 йил – “Она ва бола йили”, 2008 йил – “Ёшлар йили”, 2010 йил – “Баркамол авлод йили”, деб номланиши, бу йилларга оид давлат дастурлари ишлаб чиқилиши ва ҳаётга тадбиқ этилиши, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши таг замирида ҳам, ёшларга қаратилаётган эътибор ва мислсиз имкониятлар ётибди.
Турли соҳаларда фаолият юритиб, давлат ва жамият ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ёшларни рағбатлантириш, уларнинг янги марраларни забт этишларида тиргак бўлиш мақсадида “Камолот” ЁИҲ томонидан ҳар йили бир қатор ёшларга “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонини топшириш анъанага айланган. Кеча “Туркистон” саройида 22 нафар иқтидорли ёшларга мукофотни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мукофотланганлар орасида актриса Юлдуз Ражабова ва “Тошкент” телерадиоканали суҳандони Жамшид Умрзоқов ҳам бор.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётгани учун хонанда Тоҳир Усмоновга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Ходиев томонидан Ташаккурнома топширилди.
Илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, санъат, журналистика, спорт, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес, ҳуқуқ ва ҳарбий соҳаларда юксак натижаларни қўлга киритган ёшлар 2003 йилдан буён мана шу мукофот билан тақдирланиб келаётган бўлиб, бугун уларнинг сони 435 тага етган.
www.qalampir.uz сайти жамоаси номидан барча мукофотланганлар, хусусан, актриса Юлдуз Ражабова ва телебошловчи Жамшид Умрзоқовни муборакбод этамиз.