Бу талабалар бир семестр учун ўқиш пулини тўлашдан 100 фоиз ёки қисман озод қилинадилар.
Тошкентдаги Инҳа университети ҳамда Жанубий Кореядаги Инҳа университети 2018 йилга қадар IUT талабаларини бир академик йил давомида Инчонда таҳсил олишлари лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишиб олишди. Яъни, IUT талабалари бир академик йил давомида Корея Республикасидаги етакчи университетлардан бирида таълим олиш имкониятига эга бўлишади.
Келишувга биноан, 2017 йилнинг 23 июнь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети “Компьютер ва дастурий инжиниринг” факультетининг 99 нафар талабаси Жанубий Кореядаги Инҳа университетида таҳсил олишни давом эттириш мақсадида Жанубий Кореяга учиб кетишди.
IUT талабалари Жанубий Кореядаги Инҳа университетидаги ўз таҳсилларини 2017 йилнинг 28 июнь куни бошлашади. Таълим олиш жараёни давомида улар мамлакатнинг диққатга сазовар жойлари ҳамда корейс халқининг маданияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишади. Талабалар Ўзбекистонга 2017 йилнинг декабрь ойларида қайтиб келишади.
21 июнь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Жанубий Кореяга отланаётган талабаларга “оқ йўл” тилаш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, Тошкентдаги Инҳа университети ҳар бир семестр якунларига кўра, ҳар бир курсдан якуний имтиҳонларда юқори балл тўплаган ҳамда ўқиш жараёнида ўзларини ижобий томондан кўрсатган 10 нафар энг яхшиларини аниқлайди. Бу талабалар бир семестр учун ўқиш пулини тўлашдан 100 фоиз ёки қисман озод қилинадилар.