“Қоронғу хонада, ҳаётимни “ушлаб” турган аппаратнинг яшил чироқлари ёнганда, у чиқарадиган товушни эшитганимда, ўлим яқинлашаётганини сезяпман, Яратганнинг нафасини ҳис этаяпман...”
Техника оламида ўзига хос мактаб ярата олган машҳур инсон Стив Жобс ҳақида билмайдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак. У IT-технология оламида дунё тан олган шахслардан бири эди. Apple, CEO, Pixar каби йирик компания ва корпарацияларга асос солган Жобс 1955 йилнинг 24 февралида АҚШда дунёга келган. Ҳаёти давомида техника борасидаги ишлари ва ғояларини амалга тадбиқ этиб, жуда катта ютуқларга эриша олди. Ҳаётининг сўнгига қадар у ўз принципларига, ғояларига содиқ қолган. Унинг турли китоблар, адабиётлардан ўрин олган файласуфона сўзлари, қарашлари акс этган сатрлар техника оламида бирор нарсага эришиш истагида бўлган ҳар қандай инсон учун ас қотиши аниқ.
Буни қарангки, 2011 йилнинг 5 октябрида вафот этган Жобс ўлими олдидан яқинларига мактуб ёзиб қолдирган экан. Гарчи орадан 5 йил ўтган бўлса-да, мактубда нима ёзилгани ҳеч кимга маълум қилинмаганди. Бугун, интернет тармоғида Стив Жобснинг ўз яқинларига ёзган, ҳаётидаги сўнгги мактуби ва унинг моҳияти ошкор этилди. Унинг интернет тармоғига қай тарзда тушиб қолгани номаълум. Бироқ мактуб билан танишган инсон унинг ички олами ҳақида жуда кўп нарсани билиб олиши тайин.
Стив Жобснинг сўнгги мактуби яқинларига аталган эди...
“Мен бизнес оламидаги энг юқори чўққини забт эта олдим. Кўпчилик менинг ҳаётимни орзулар рўёбидан иборат, деб ҳам ўйлайди. Аммо, тан олиб айтишим керакки, ишимдан бошқа мени хурсанд қиладиган нарсалар кўп эмас. Бойлик бу ҳаёт ҳақиқати ва мен бунга шунчаки ўрганиб қолганман.
Айни дамда касалхона тўшагида ётар эканман, бутун ҳаётимни кўз олдимдан ўтказяпман. Мен, ўзим фахрланган бойлик ва одамларнинг мени тан олишлари, мен томон яқинлашиб келаётган ўлим олдида ҳеч нарсага арзимас нарса эканини тушуниб етдим.
Қоронғу хонада, ҳаётимни “ушлаб” турган аппаратнинг яшил чироқлари ёнганда, у чиқарадиган товушни эшитганимда, ўлим яқинлашаётганини сезяпман, Яратганнинг нафасини ҳис этаяпман.
Ҳозир, мол-давлатимиз етарли бўлган вақтда, ҳаётимиздаги бойлик билан боғлиқ бўлмаган нарсалар ҳақида ҳам ўйлаш вақти келди. Ҳаётда бойликданда муҳим нарсалар бор. У ким учундир бошқалар билан муносабат, ким учундир санъат яна ким учундир болаликдаги орзу бўлиши мумкин.
Ўлжа учун елиб-югуриш инсонни қўғирчоққа айлантириб қўяди. Бу мен билан хам содир бўлди.
Яқинларимизга меҳримиз, муҳаббатимиз ҳақида айтиш учун Яратган бизга ҳиссиёт деган неъматни инъом этган.
Ҳаётим давомида тўплаган бойлигимни ўзим билан олиб кетолмайман. Ўзим билан фақатгина меҳр ва муҳаббат билан боғлиқ хотираларни олиб кета оламан холос. Аслида мана шу энг олий бахт. Бу бахт сизнинг ортингиздан юриши, сиз билан бўлиши, олға интилишга куч бериб туриши лозим. Меҳр жуда узоқ масофаларни ҳам яқин қила олади. Ҳаётда чегара йўқ. Ўзингиз истаган чўққиларни забт этинг. Қалбингиз қаерга чорласа, ўша ерга боринг, ҳаммаси ўз қўлингизда.
Қўлингизда пул бўлса, сизга уй ва ишда ёрдам берувчи бир тўда одамларни ишга олишингиз мумкин. Улар сиз айтган ишни қилишлари мумкин, аммо ҳеч ким дардингизни ўзига ололмайди.
Ҳамма нарсани ишлаб ёки қидириб топиш мумкин, аммо аслида биз сезмасдан ўтказиб юборган нарсаларимизгина қадрли бўлади. Йўқотганингдан кейин топа олмайдиган бир нарса бор. Бу ҳаёт!
Ҳозир неча ёшда эканингиз, нимага эришганингиз муҳим эмас. Ҳар кимнинг ҳаётида спектакль тугаганидан сўнг пардалар пастга тушадиган кун бор....
Сизнинг бойлигингиз бу оилангиз, севган инсонингиз, яқинларингиз, дўстларингизга бўлган меҳрдир...
Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Бошқалар ҳақида қайғуринг...”