Коко Шанел: “Аёл кишининг энг хунук аъзоси — бу унинг тиззасидир. Энг гўзал либос уларнинг тиззасини ёпган кийим ҳисобланади!”
Хўш, бугунги кунда ёшлар қандай услубда кийинишни афзал кўришмоқда? Уларнинг кийиниш маданиятида миллийлик устиворми ёки замонавийлик?
Замонавий кийиниш деганлари — оммавий маданият тарғиботи, аниқроғи айрим “аҳлоқсиз” хориж хонанда-актёрларининг кийиниш “анъанасига” кўр-кўрона тақлид қилиш бўлиб қолмаяптими?
Келинг, шу ҳақда қуйидаги нозик жинс вакилаларининг ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилишига изн берамиз...
Нозима Жўраева, талаба:
– Либослар қандай услубда бўлишидан қатъи назар, аввало, қулай бўлиши лозим. Мен асосан замонавий услубдаги кийимлар: шим, футболка, калта юпкада юришни афзал кўраман. Тўғри, кўп ҳолларда кийинишим борасида ота-онам танбеҳ беришади. Аммо қулайлик ва замонавийлик мен учун биринчи ўринда туради.
Раъно Жумаева, ўқитувчи:
– Меъёр — ҳар жабҳада ҳал қилувчи мезон! Баъзан ёшларнинг кийинишини кўриб, ғашим келади. Назаримда, улар ўз меъёрларини унутиб қўяётгандек... Калта, тор-танқис, миллийлигимизни инкор қилувчи либосларни “замонавийлик” деб атамаган бўлардим.
Қадимда Самарқандга ташриф буюрган франсуз элчилари ҳар сафар Сароймулкхонимнинг кийимларидан андоза олиб кетишган. Аслида, бизнинг кийиниш маданиятимиздан дунё ўрнак олса арзийди.
Тенгдошларимиз орасида бу каби либосларнинг шиддат билан урфга кираётганига қайси омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин?
Биринчидан, шоу-бизнес вакиллари: хонанда, актёр ҳамда сухандонлар кийимларига тақлид. Иккинчидан, опа-сингил тенгдошларига ҳавас. Учинчидан эса интернет дўконларининг оммавийлашуви ва унга бўлган қизиқишнинг кун сайин ортиб бораётганидир.
Интернет дўконларининг ишлаш механизми қандай? Улар, энг аввало, рекламадан унумли фойдаланишади. Яъни, ўз маҳсулотларининг расми ва нархини интернет тармоқларига жойлаштириб, аввалига тармоқдаги гуруҳида мижоз йиғишади. Кейинги босқич харидорларнинг буюртмаси асосида товарларни етказиб беришдан иборат.
Тўғри, “тирикчилик тошдан қаттиқ” деган нақл бор. Аммо Туркия ва Хитойдан келаётган айрим либослар ўзи билан бирга “оммавий маданият”ни ҳам олиб келмаяптимикин?
Шарқона одобда эркак кишининг аёл кишидай, аёл кишининг эркак кишидай либос кийиши ман этилган. Аёл кишининг баданини том маънода яширмайдиган, яширолмайдиган либослар аслида кимлар учун олиб келинмоқда ва уларни кимлар киймоқда?
Мода оламининг юлдузларидан бири Коко Шанелнинг қуйидаги фикрларини келтиришни жоиз топдим: “Аёл кишининг энг хунук аъзоси — бу унинг тиззасидир. Энг гўзал либос уларнинг тиззасини ёпган кийим ҳисобланади”.
Маҳсулотини шиддат билан сотаётган интернет дўконлари кийиниш одоби, яъни кийиниш маданиятининг талабларига амал қилаяптими? Йўқ! Улар кўпроқ пул топиш билан оввора... Халқнинг иқтисодий баркамоллиги — маънавий зарарга етакламаслиги лозим!
Зебо Абдуҳалимова, талаба:
– Telegram ижтимоий тармоғи орқали интернет дўконларига обуна бўлганман... Бу турдаги дўконларнинг жуда кўп қулайликлари мавжуд. Янги урф бўлаётган кийимлар борасида барча маълумотларга эга бўлишингиз мумкин. Бироқ “ўта замонавий” либосларни кўриб, наҳотки шу кийимни кийишни қизлар ўзларига эп кўришади, деб ўйлаб қоламан.
Айрим ҳолларда, буюртмачиларнинг ўзлари шу кийимни калтароқ ёки очиқроқ вариант йўқми, деб сўраб қолишади. Тадбиркор эса мижозидан айрилиб қолишдан қўрқиб, уларнинг талабларини бажаришга ҳаракат қилади. Демак, айб фақат сотувчиларда эмас, харидорларда ҳам!
Натижада, кундан кунга калта-ю очиқ кийимлар урфга кириб бормоқда...
Яраштириб кийиниш ҳам ўзига хос санъат ҳисобланади. Бу санъатни эгаллаш учун фақатгина моданинг ортидан қувмасдан, ўз эстетик дидини шакллантириши лозим.
Халқимизда ажойиб бир нақл бор. “Либосаро бўлгунча мажлисаро бўл”. Тўғри, дид билан танланган кийим кишининг ҳуснига ҳусн қўшиши мумкин. Аммо, инсоннинг хулқи, одоби, муомала маданияти унинг ҳақиқий гўзаллигидир.
Азиз муштарий, мазкур мавзу юзасидан Сизда қандай фикр-мулоҳазалар бор?
Оммавий маданиятнинг энг биринчи тарғиботчилари — интернет дўконларими? Балки бу ерда харидорларнинг истаги “ҳал қилувчи куч” бўлаётгандир?
Мактубларингизни кутиб қоламиз...