Ижтимоий тармоқлар сабаб “Араб баҳори” фожиаси юз берган эди. Минглаб одамларнинг онгсиз ҳаракатлари оқибатида Ливия, Сурия, Ироқ давлатлари остин-устун бўлди. “Pokemon Go”нинг бундай салбий оқибатларга сабаб бўлмаслигига ким кафолат беради?
Пайдо бўлганига унча кўп муддат бўлмаган “Pokemon Go” ўйини шунчаки ҳордиқ учун мўлжалланганми ёки унинг асосида қора мақсадлар ётадими? Албатта, бу саволга дарҳол жавоб топиш мушкул. Бунинг учун мазкур ўйин билан боғлиқ ҳолатларни, фикрларни таҳлил қилиб чиқиш мақсадга мувофиқ. Хулоса қилиш эса ўқувчининг ҳукмига ҳавола.
Авваламбор, “Pokemon Go” қандай ўйин эканлиги ҳақида ойдинлик киритcак. 2016 йилнинг 6 июлида чиққан, реаллик ва виртуал ҳаётни боғлайдиган мазкур компьютер ўйини Niantic компанияси томонидан ишлаб чиқилди.
“Pokemon Go” ўйинининг ўзига хос томони виртуал образларни реал ҳаёт манзараларига боғлайди. Унда фойдаланувчи кўча бўйлаб покемонларни овлаш учун юриши керак. Тўпланган покемонлар келажакда бошқа рақиб покемонлари билан уруш учун машқ қилдирилади. Фойдаланувчи бунда мураббий вазифасини бажаради. Шу ва ҳоказо.
Яна бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчимиз. Ўйин нима учун айнан “Pokemon Go” деб номланди? 90 йилларда покемон деган консолли ўйинлар бўлар эди ва унинг мультфильми ҳам жуда машҳур бўлиб кетганди. Бу кўпчиликнинг болалик хотирасида насталгия бўлиб қолган. 2016 йилда чиққан янги ўйинда ўша мультфильм қаҳрамонларидан фойдаланилди. Бу билан болалик даври 90 йилларга тўғри келадиган 25-30 ёшдаги кишиларнинг ҳам ушбу ўйинга қизиқиши ортди.
Бу ўйин ҳали оммалашиб улгурмаган дастлабки кунларда унинг яратувчилари аслида нимани мақсад қилганини тушуниш қийин эди. Гўёки, ўйин одамларнинг ҳордиқ олиши учун яратилгандек. Лекин, “Pokemon Go” биз ўйлаганчалик фақат “ҳордиқ” ўйини эмас, балки одамларнинг вақтини ўғирлайдиган бекорчи юмуш экан. Бунинг учун дунё бўйлаб ўйин билан боғлиқ бўлган воқеаларни кузатиб, озгина таҳлил қилиш қобилиятини ишлатса бўлгани, барчаси аён бўлади.
Кўчаларда, ишхона, дўстлар даврасида ва бошқа жойларда “Pokemon Go” ўйинининг муҳокамаси кундан-кун авжига чиқмоқда. Бу нафақат ёшлар, балки баъзи катталар орасида суҳбатнинг бир қисми бўлиб улгурди. Покемон тутдингми? Нечта бўлди? Қаерда покемон овладинг? – “муҳим” суҳбат шу саволлардан бошланади.
“Pokemon Go” яратилганидан бир ҳафта ўтиб машҳур бўлиб кетди ва миллионлаб одамлар уни ўзларининг смартфонларига юклаб олдилар. Шундан сўнг ОАВ орқали мазкур ўйин билан боғлиқ нохуш ва ноодатий воқеалар ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Масалан, полиция ходимлари иш пайтида ўйин билан чалғиб қолганликлари ёки ўйинга берилиб кетганидан пичоқ билан ярланган талабанинг эътиборсизлиги, Исроил президенти ўзининг офисида покемон топгани, “Pokemon Go” ўйнаётган ҳомиладор аёл эса унинг устига бостириб келаётган машинани сезмай қолгани, охир-оқибат ЙТҲ содир бўлгани, АҚШнинг Пенсилвания шаҳрида ўйинга чалғиб қолган 15 ёшли қиз йўл ўртасида автомобиль шиналари остида қолиб кетгани, яна бир америкалик машина бошқараётган пайтда покемон тутаман деб дарахтга бориб урилгани ва бошқа ҳолатлар кузатилди. Юқоридаги баъзи бир воқеалардан шундай фикрга келиш мумкинки, “Pokemon Go” одамни эътиборсиз қилиб қўяди ва унинг ҳаётига хавф туғдириши мумкин.
Бу ўйин ғаразли мақсадга эга кимсалар қўлида қурол бўлишга ҳам улгурди. АҚШда бир гуруҳ жиноятчилар “Pokemon Go” ўйинидан ўз қурбонларини жалб қилиш учун фойдаландилар ёки одамлар ёппасига покемон қидираётган пайтда уларнинг нарсаларини ўғирлаш ҳолатлари кузатилди.
Бир қатор давлатларда покемонларни тақиқланган жойда тутгани учун жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмоқда. Масалан, Саудия Арабистони мазкур ўйин мамлакатда тақиқлангани хусусида фатво чиқарди. Мисрда ҳам 14 июль куни “Pokemon Go” ўйини одамларга салбий таъсир этаётгани сабабли ман этилди. Индонезияда покемон тутиш билан шуғулланган мансабдор шахслар ишдан бўшитилиши ҳақида маълум қилинди. Португалия ва Австралияда автомобиль бошқараётган пайтда “Pokemon Go” ўйнаш ман этилди. Туркияда эса имомлар одамларнинг покемон тутиш учун масжидларга келаётгани ва бу билан муқаддас жойни булғаётганини айтиб, ҳукуматдан бу ўйинни мамлакатда тақиқлашни сўрамоқда. Россия Федерациясида ҳам мазкур ўйинни ман этилган жойларда ўйнаганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Биз хордиқ чиқариш учун турли хил машғулотлар билан банд бўлишга ҳаракат қиламиз. Кимдир кинога, театрга ёки концертга боради, яна кимдир кутубхонага йўл олади ёки уйида қизиқарли асар ўқишга ҳаракат қилади ва ҳоказо. Ҳордиқ олишнинг янги тури сифатида эътироф этилаётган “Pokemon Go” эса юқоридаги машғулотлардан фарқли ўлароқ, бизга ҳеч қандай фойда келтирмайди, шунчаки вақтнинг бесамар сарфланишига сабаб бўлади. Статистик маълумотларига қараганда, “Pokemon Go” ўйинига муккасидан кетган одамлар бир кунда 40 дақиқадан 1 соатгача ёки ундан ҳам кўп вақтларини покемон овлаш билан ўтказар экан. Энди айтингчи, бу ўйин шиддат билан ўтиб кетаётган вақтимизни бекор сарфлашимизга арзирмикан? Бу масаланинг бир томони...
Покемон овлаш билан боғлиқ шундай ҳолатлар кузатилдики, бир дона покемон тутишга юзлаб одамлар бир жойга келишди ва ҳатто, жанжаллашишга ҳам боришди. Бугун покемон овлаш учун юзлаб одам бир манзилга йиғилган бўлса, эртага улар сони ортиши, минг, ўн минг ва ундан ҳам зиёдни ташкил этиши ҳеч гап эмас. Бунинг оқибатида ўйинга муккасидан кетган одамлар покемон тутиш учун можарога бориши ва бу катта тартибсизликка сабаб бўлиши мумкин. “Pokemon Go” ортидаги асосий мақсад шу эмасмикин? (!) Биз учун шунчаки покемон овлаш аслида кимнингдир изми бўйича ҳаракат қилишимизни ва унга кундан-кун тобе бўлиб боришимизни англатар. Бу ерда мулоҳаза қилишни сизнинг ҳукмингизга топширамиз.
Ҳозирги глобаллашув асрида инсонлар мафкурасида кескин ўзгаришлар кузатилмоқда. Қайсидир давлатда пайдо бўлган урф-одат (яхшими, ёмонми фарқи йўқ) жуда тезлик билан бошқа мамлакат аҳолисининг ҳаётига кириб бормоқда. Буни биз “оммавий маданият” деб атаймиз. Биз муҳокама қилаётган “Pokemon Go” ҳам ана шу “оммавий маданият”нинг бир узвий қисми бўлиб бормоқда. Ёшлар онгига тобора ўрнашиб, уларнинг ҳаёт тарзига айланаётган бу ўйинни қанчалик хавфли қурол эканини биламизми? Балки з жуда бўрттириб юборгандирмиз. Бу хавф нимадан иборат бўлиши мумкин? Биринчидан, ёшлар, айниқса, болалар бу ўйин орқали эътиборсиз бўлиб, фақат бир нарсага, яъни реал ҳаётдан узилиб, “ўлик” покемонларни қидиришга тушиб қоладилар. Иккинчидан, бир дона покемон тутиш учун бугун бир ҳудудда юзлаб одамлар тўпланган бўлса эртага бу ундан ҳам кўпаяди. Оломон шундай бир гуруҳки уни қаерга йўналтирсанг, ўша ерга қараб ҳаракатланади. У ерда фикрлар чалкаш ва қизиқувчанлик жуда катта. Ғараз ниятли кишилар бундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланадилар.
Шу ўринда, 2011 йилда бошланган “Араб баҳори”ни эсга оламиз. Ҳозирда бутун бир давлатнинг инқирозга юз тутишига (Ливия, Сурия, Ироқ) сабаб бўлган бу воқеа нимадан бошланган эди. Жавоби эса жуда оддий, ижтимоий тармоқ гуруҳларидаги юзлаб, минглаб одамлар орасидаги баҳс-мунозара шунчаки ташқи оламга кўчган. Кўчаларда тўпланган одамлар (уларнинг баъзилари нима учун тўпланганини билмаган) эса бора-бора ўз давлатларидаги мавжуд ҳукуматни ағдаришгача боришди. Ўша ижтимоий тармоқдаги гуруҳлар нима сабабдан, қандай мақсадлар учун тузилгани кейин аён бўлди. Икки ўртада тинч мамлакатларнинг кули кўкка совурилишига, минглаб одамларнинг бемаврид ҳалок бўлиши, оналар боласиз, болалар онасиз, минглаб тинч аҳоли оч қолишига сабаб бўлди. Бу ҳолат эса орадан неча йиллар ўтса ҳам ўз асоратини кўрсатиб келмоқда.
“Pokemon Go”га ўхшаш ўйинларнинг яратилиши замирида ҳам вайронкор ғоялар ётган бўлиши ҳеч гап эмас. (!) Ёшларни ўз домига тортиб кетаётган хавфнинг олдини олиш, уни бартараф этишдан кўра осонроқ. Зеро, секин-асталик билан мафкурага таъсир этадиган бундай ўйинлардан эртанги кун эгалари, ёш авлодни асраш даркор. Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек, “Бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга. Бу масаланинг кишини доимо огоҳ бўлишга ундовчи томони шундаки, агар ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазйиқ бўлса, буни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин, аммо мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғаб етиш ниҳоятда қийин”.
Мақола орқали интернет ёки компьютер ўйинларини бутунлай тақиқлаб қўйиш керак, ўшанда бу масаланинг ечими топилади, деган фикрдан йироқдамиз. Шиддат билан ривожланаётган дунёдан узилиб, одамларни ҳар хил мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиб бўлмайди. Бунда тараққиётдан орқада қолиш мумкин. Ахир чанг-у ғубор кирмасин деб хона дерезаларини доимо ёпиб қўйиб бўлмайди, акс ҳолда тоза ҳаво ҳам хонага кирмай қўяди. Ҳар доим таъкидлаб келинганидек, одамлар онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш, ғарбдан кириб келаётган “оммавий маданият” ниқоби остидаги мафкура ва бузғунчи ғоялардан энг аввало ёш авлодни асраш, эртанги кун эгалари бўлган фарзандларимизни бунёдкорлик руҳида турбиялаш, улар қалбига эзгуликни сингдириб, ёт ғояларга эргашмай, танлаган йўлидан адашмай, шириндек туюлган ҳар нарсани асал деб ўйламасликни ўргатиш бугунги давр олдимизга қўяётган энг долзарб масала бўлиб бормоқда. Зеро, соғлом мафкурагина ҳар қандай таҳдидга қалқондир.