“Инсоннинг ақли унинг миясининг оғирлигига боғлиқ, мия қанча катта бўлса, ақл шунча кўп бўлади” каби фикрлар бундан бир неча ўн йиллар илгари пайдо бўлган.
Мураккаб тузилишга эга бўлган бу органда 100 миллиарддан ортиқ нейронлар бор. У амалга оширадиган яна миллионлаб вазифаларни ҳалигача тиббиёт ўрганиб улгурмаган.
Инсон миясининг оғирлиги ўрта ҳисобда 1100-2500 граммгача бўлади ва бу ўлчам танамиз оғирлигининг 2 фоизинигина ташкил этади.
Эркакларнинг мияси аёлларникига нисбатан 100-150 граммга оғирроқ бўлади.
“Инсоннинг ақли унинг миясининг оғирлигига боғлиқ, мия қанча катта бўлса, ақл шунча кўп бўлади” каби фикрлар бундан бир неча ўн йиллар илгари пайдо бўлган.
Бироқ олимлар бу бир афсона, янглиш фикр эканини, миянинг катталиги ақлнинг кўплигига эмас, инсоннинг ёшига боғлиқ эканини тасдиқлашган.
Ушбу фикрнинг нотўғри эканини тасдиқлаш учун мутахассислар дунёдан ўтган олим, бастакор, раҳбар ва бошқа шахсларнинг мия оғирлигини ўлчаб кўришган.
Уолт Уитмен – 1256 грамм
Ленин – 1340 грамм
Станиславский – 1505 грамм
Троцкий – 1568 грамм
Менделеев – 1571 грамм
Павлов – 1653 грамм
Бетховен – 1750 грамм
Есенин – 1920 грамм
Тургенев – 2012 грамм
Байрон – 2238 грамм
Юқорида номлари қайд этилган машҳур шахсларнинг мия оғирлиги 2500 граммдан ошмаган. Агар ақл миянинг катта ёки кичиклигига боғлиқ бўлганида, балки Бетховеннинг мияси 5 килограмм бўлармиди?
Олимлар инсондаги ақлий салоҳият миядаги бўртмалар, чуқурчалар, кулранг суюқлик, нейронларнинг ўзаро яқин ёки узоқ жойлашгани ва яна бир қатор омилларга боғлиқ эканини айтишади.
Бундан ташқари, мияда юзага келадиган турли касалликлар, мия пўстлоғи қалинлашишига ва шу билан унинг массаси оғирлашишига олиб келади.
Фанда энг оғир мия сифатида 2850 граммлик мия қайд этилган. Бироқ ушбу оғир миянинг эгаси ақли заиф инсон бўлгани ҳам ақл миянинг вазнига боғлиқ эмаслигини исботлайди.
Ҳа айтганча, анатомик олимлар миянинг ўртача оғирлиги турли миллат вакилларида турлича бўлишини ҳам аниқлашган.
Белорусларда – 1429 грамм
Руссларда – 1399 грамм
Қора танли америкаликларда – 1223 грамм
Немисларда – 1425 грамм
Австралияликларда – 1185 грамм
Кореяликларда – 1376 грамм
Японияликларда – 1313 грамм
Буни қарангки, янги туғилган чақалоқларда миянинг оғирлиги 455 граммни ташкил этар экан. Тадқиқотлар мия инсон туғилганидан то 27-30 ёшгача катталашиб, ўсишини, кейинги йилларда эса унинг вазни секин-аста камайиб, ҳар 10 йилда инсон мияси 30 граммга кичрайиб боришини кўрсатади.
Юқоридаги, инсон мияси оғирлигининг ақлга таъсири борасидаги саволдан ташқари, фанда бош мия билан боғлиқ бошқа саволлар мавжуд. Уларга ҳам олимлар жавоб топишган.
- Мияга кислород нима учун керак?
- Миянинг ривожланиш даври неча йил?
- Бош миянинг иши учун нималар керак?
- Кўнгилсизликлар ва стересснинг мияга таъсири борми?
- Мансаб ва давлатга эга бўлишнинг мия фаолиятига таъсири борми?
- Нима учун қалбда кечган оғриқ жисмоний оғриққа сабаб бўлади?
- Ўғирланган мия?!
- Спиртли ичимликнинг мияга таъсири борми?
- Шоколад истеъмол қилганда...
- Биологик ўлим нима?
Азиз ўқувчилар, кейинги мақолаларимизда ҳайвонларнинг мия тузилишига оид қизиқарли маълумотларни ўқишингиз мумкин бўлади.