Эктор Бельерин Лондонда ёнган “Grenfell Tower” биноси қурбонлари яқинларига ҳайрия пули ажратди.
Сўнгги тафсилотларга қараганда, 200 нафар ўт ўчирувчи ёрдамида бартараф этилган ёнғин 12 кишининг бевақт ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган.
Гап шундаки, воқеа бўлиб ўтгандан сўнг Лондоннинг “Арсенал” клуби ва Испания ёшлар терма жамоаси футболчиси Эктор Бельерин Twitter’даги саҳифасида кеча Польшада якунланган ёшлар (U-21) ўртасидаги Европа чемпионати учрашувларида қанча дақиқа майдонга тушган бўлса, ҳар бир дақиқа учун 50 фунтдан хайрия пули ажратишга ваъда берганди.
Футболчи мусобақада Испания таркибида жами бўлиб, 381 дақиқа майдонда ҳаракатланди. Аммо Испания ёшлари сафида ҳаракатланган Бельериннинг жамоаси мусобақа финалида германиялик тенгқурларига кичик 0:1 ҳисобда имкониятни бой беришди.
Эктор ўз ваъдасига мувофиқ, ҳар бир дақиқани ҳисоблаб (381*50=19050) чиқди ва 2 июль куни Британия қизил хоч жамиятига ҳалок бўлганларнинг яқин кишиларига атаб 19050 фунт стерлинг хайрия пулларини йўналтирди.
Маълумот учун, 24 қаватли “Grenfell Tower” биноси 1970 йилда қурилган бўлиб, унда 200 га яқин хонадон жойлашганди.