Шавкат Мирзиёев ўзбек ва тожик халқларини бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига ўхшатди.
Ўзбекистон раҳбари тадбирдаги нутқида ўзбек ва тожик халқлари азалдан ёнма-ён яшагани, қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтганини таъкидлаган.
“Ўзбек ва тожик халқлари бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига ўхшайди. Бизнинг муқаддас динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Қувончу ташвишларимиз, тақдиримиз муштарак. Аждодларимизнинг эзгу анъаналарини давом эттириб, халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашимиз ва асраб-авайлашимиз керак”, дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ўқиб эшиттирилган. Имомали Раҳмонга Ўзбекистоннинг “Эл-юрт ҳурмати” ордени топширилган.
“Дўстлик оқшоми” тобора мустаҳкамланиб бораётган Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлиги, халқлар дўстлигининг яна бир ифодаси бўлди.
Маълумот ўрнида, Тожикистон Президенти эртага, 18 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ва Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувлар ўтказади, Самарқанд шаҳрини зиёрат қилади.