...
МЕНЮ
ONLINE TV

Илм-фанда ноёб ҳодиса: Қашқадарёда ўта янги юлдузни кашф қилишди


10:17, 17.06.2017 Технология
 6 045

Майданакда бажарилаётган кузатувлар ниҳоятда муҳим ҳисобланади ва катта илмий аҳамият касб этади.

Ўзбекистонлик астрономлар Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор тоғ тизмаларида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институтининг Майданак расадхонасида жорий йилнинг 25 май куни ўта янги юлдузни чақнашини қайд этишди.
 
Бу юлдуз Етти қароқчи юлдуз туркумидаги NGC 3938 рақамли спирал галактикада рўй берди. Астрономия соҳасидаги замонавий тасаввурларга кўра, юлдузлар ҳам тирик мавжудотлар каби туғилишади (пайдо бўлишади), миллиард йил ривожланишади (умр кўришади) ва ниҳоят сўнишади. Айрим юлдузларнинг эволюцияси ўта ҳалокатли, катта портлаш билан тугайди. Бундай пайтларда юлдузнинг қаърида қизиб ётган модда атрофга сочилиб кетади ва кечагина хира бўлиб ёки умуман Ердан туриб кўринмайдиган юлдузча ўрнида ёрқин ўта янги юлдуз пайдо бўлади. Бундай жараёларни кузатиш олимларга юлдузларнинг тузилиши ва эволюцияси конунларини тушуниш каби фундаментал масалаларга ойдинлик киритишга хизмат қилади.
 
25 май куни пайдо бўлган ва SN 2017ein номи билан қайд этилган ўта янги юлдузнинг аҳамияти шундаки, у бизга нисбатан яқин, 50 миллион ёруғлик йил масофада жойлашган. Юлдуз ёрқинлиги ўзгаришининг дастлабки таҳлиллари бу ноёб ҳодиса эканини кўрсатмоқда. Шунинг учун Майданакда бажарилаётган кузатувлар ниҳоятда муҳим ҳисобланади ва катта илмий аҳамият касб этади.
 
Яна бир нарсани қайд этиш зарур. Бундан бир неча йил олдин германиялик олимлар Буюк Британиядаги машҳур Бодлеян кутубхонасида сақланаётган, Абу Али Ибн Сино қаламига мансуб “Китоб ал-Шифо” асарида 1006 йилда рўй берган ўта янги юлдузнинг таърифини топишга муваффақ бўлган эдилар. Ибн Сино 1002-1008 йилларда Хоразмдаги Маъмун академиясида фаолият кўрсатганини инобатга олсак, бу факт Академиянинг илмий фаолиятини очиб берувчи янги бир манба сифатида хизмат қилади.
Бобур Жалолов

Теглар:Майданак Ҳисор Янги юлдуз Абу Али Ибн Сино 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!