...
МЕНЮ
ONLINE TV

Иккинчи жаҳон урушининг номаълум маликаси


18:35, 20.04.2017 Бу қизиқ
 4 271

Нур қурол-яроғдан қўрқадиган тортинчоқ қиз эди. Лекин махсус гуруҳга қўшилгач, Иккинчи жаҳон урушининг энг довюрак аёлларидан бирига айланади.

У – Буюк Британия армияси сафига қабул қилинган биринчи "айғоқчи малика". Уни айғоқчилик фаолиятига ундаган сабаб Англияга нисбатан муҳаббатдан кўра кўпроқ фашизм ва миллатчилик ҳукмронлигига қарши курашишни ҳаётий эътиқод деб билганида эди.
 
Жасурлик бобида кўпчиликка намуна бўлган бу аёлнинг исми Нур Иноятхон бўлиб, "Rejected Princesses" сайтида номи зикр этилган маликалардан биридир. Мазкур веб-ресурс ўтмиш зарварақлари қатида изсиз кетган аёллар номини тиклашга бағишланган. Гарчи улар Дисней мультфильмлари қаҳрамонларига айланмаган бўлса-да, тарихий аҳамияти жуда катта.
 
Нур болаларга мўлжалланган ҳикоялар ёзиш, чолғу асбобларида кўй ижро этишни жон дилидан яхши кўрарди. Бу эса унинг отаси – ҳинд рожалари авлодига мансуб Иноятхоннинг мусиқа ва адабиётга катта қизиқиш билан қарагани самараси эди.
 
Иноятхон Буюк Британияда мусиқачи ҳамда сўфий шайх сифатида ном қозонганди. Отасининг қарашлари руҳида тарбия топган Нур ҳам суфийлик тариқати асосларига амал қилиб, диний бағрикенгликни қўллаб-қувватлагани ҳолда зўравонлик ва фашизмни қораларди.
 
Ёзувчи ва пианиночи
 
Нур 1914 йил Москвада дунёга келади. Унинг отаси жанубий Ҳиндистондаги Майсур подшоҳлигининг 18-ҳукмдори сулоласи вакили, онаси америкалик эди.
 
Россияда инқилоб шамоллари эса бошлагандан кейин оила дастлаб Буюк Британияга, 1920 йилда эса Францияга кўчиб ўтади. Отаси вафотидан етти йил ўтиб, Нур армияга боришга қарор қилади. Бунгача у Сорбонна университетининг (Франция) болалар психологияси бўлимида ҳамда Париж консерваториясида арфа ва фортепьяно мутахассислиги бўйича таҳсил олади.
 
Нур машҳур француз газетаси "Le Figaro"да чиқишлар қилади, 1939 йилда Будда ҳаётига бағишланган ҳикоялар тўпламини чоп эттиради. Европа адабиёти тарихи, шу билан бирга Шарқ адабиёти, хусусан, бизга яхши таниш Шаҳризода ҳикояларини ҳам чуқур ўрганади. Рус, польяк ва юнон афсона ва ривоятлари, насронийлик тарихи, масалан, Янги йилни нишонлаш анъаналари ҳақида қалам тебратади.
 
Адабиётдан айғоқчиликка
 
Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан Нур Франциянинг Қизил Хоч жамиятида ҳамшира бўлиб иш бошлайди. Лекин орадан бир йил ўтиб - 1940 йилнинг май ойида немислар Парижни ишғол этади. У оиласи билан аввал Бордо шаҳрига, у ердан Англияга қочади. Бу ерда Буюк Британия армияси сафига ёзилади ва қироллик разведкасининг аёллар гуруҳида радистлик қила бошлайди.
 
1943 йил июлда Нур самолёт ёрдамида нацистларнинг Франциядаги ҳудудига ташланади. Бу ерда у Франция қаршилик ҳаракатига ёрдам беришга киришади ва пировардида иттифоқчилар ҳамда Франция қаршилик ҳаракати ўртасидаги ягона боғловчи восита бўлиб қолади.
 
Нур қурол-яроғдан қўрқадиган тортинчоқ қиз эди. Лекин махсус гуруҳга қўшилгач, Иккинчи жаҳон урушининг энг довюрак аёлларидан бирига айланади. Нацистлар билан тўлиб-тошган шаҳарда ҳаёти қил устида турганини англагани ҳолда олти ҳафта давомида ботирлик билан жосуслик қилади.
 
Нур 1944 йилда нацистлар томонидан қўлга олинади. Қамоқдан икки марта қочишга уриниш муваффақиятсиз якун топгач, уни Германия жануби-ғарбида жойлашган Пфорцхайм шаҳри қамоқхонасига ўтказишади. Бу ердаги ҳадсиз қийноқлардан сўнг Нур Дахау концлагерига юборилади.
 
Уни 10 ой мобайнида тинимсиз қийнайдилар. Лекин нацистлар бирорта ҳам маълумот қўлга киритолмайди. Шундан сўнг 1944 йил 13 сентябрь куни Нур ва унинг уч ҳамкасб дугонаси "эсэсчилар" томонидан қатл этилади.
 
Нурнинг ҳаётини ўрганган журналист Шрабан Басунинг ёзишича, ҳаётининг сўнгги дамларида Нур Иноятхон томонидан айтилган сўз бу – озодликдир. Шундан кейин у отиб ташланган.
 
Ўлимидан сўнг Франция ва Буюк Британиянинг олий мукофотлари билан тақдирланган Иккинчи жаҳон урушининг номаълум маликаси монументи бугун Лондондаги Гордон майдонида одамларни уруш кулфатларидан огоҳлантираётгандек, эзгулик ёвузликни барибир маҳв этишини исботлаётгандек савлат тўкиб турибди.
Бекзод Бозоров

Теглар:Буюк Британия Нур Иноятхон Иккинчи жаҳон уруши 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!