ИИВ ходимлари эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилиниши белгилаб қўйилди.
Ушбу фармонга мувофиқ, 2017 йил 1 октябрдан қуйидаги тартиб ўрнатилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан бир йилда икки марта Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар Кенгашлари томонидан ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилади;
халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан ҳар чоракда туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқларининг ҳисоботлари ҳамда ҳар ойда уларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилади.
Ички ишлар органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари эшитилаётганда улар зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши юзасидан кўрилаётган чоралар ва ишлар натижаси танқидий муҳокама қилиниши, улар фаолиятининг самарадорлигига алоҳида баҳо берилиши, шунингдек эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилиниши белгилаб қўйилди.