У вьетнамлик йигитчани ўлимдан асраб қолди, нафахўрлар жамоатчилик марказининг ёпилишини олдини олди. Унинг дўсти қанча кўп бўлган бўлса, душманлари ҳам кам эмасди.
9-10 июнь кунлари Муҳаммад Алининг дафн маросими бўлиб ўтди. 22 ёшида Ислом динини қабул қилган Муҳаммад Алининг дафн маросими ислом дини арконлари асосида ўтказилди. Ўлимидан сўнг, боксчи ўзининг дафн маросимининг қандай ўтиши борасида 2010 йилдаёқ режа тузиб қўйгани маълум бўлди.
Дўстлари, яқинлари тили билан айтганда, “катта юрак эгаси”нинг вафот этганига 9 кун, ерга қўйилганига 3 кун бўлди. Муҳаммад Али шахси ва ҳаётининг ҳеч кимга аён бўлмаган кўплаб жиҳатлари унинг ўлимидан сўнг ошкор қилинмоқда. Айтиш лозимки, бу ошкораликларнинг бирортаси ҳам салбий ҳаракат ва сўз билан боғлиқ эмас. Ким нимани ошкор қилаётган, айтаётган бўлса, Муҳаммад Алининг ажойиб инсон бўлганига атрофдагиларни яна бир бор ишонтиряпти.
Бугун, 13 июнь куни Муҳаммад Алининг яқин дўстларидан бири бўлган сураткаш, “Муҳаммад Али: 30 йиллик саёҳат” китобининг муаллифи Ховард Бингэм дўсти ҳақида ҳеч ким билмаган яна бир қатор маълумотлар билан бўлишди.
Келинг, унинг дўсти ҳақидаги ҳикояси ва фикрларини унинг ўз тилидан эшитсак:
“Муҳаммад Али чин маънода катта юрак соҳиби, миллионлаб мухлислари учун спорт соҳасидаги қаҳрамон эди. У ҳаётда ҳам ҳақиқий қаҳрамон бўлган, деб ишонч билан айта оламан. Алининг ҳаётида ҳеч кимга аён бўлмаган жиҳатлар, воқеалар кўп эди. Қачонлардир у вьетнамлик ветеринарни ўз жонига қасд қилишдан сақлаб қолган. У ветеринарга уй олиб берди, ишга жойлади ва йиллар давомида унинг ҳаётидан бохабар бўлиб турди.
У кўпчиликка яхшилик қиларди, аммо буни оммага маълум қилмасди. У нафақахўрлар жамоатчилик марказининг ёпилаётганини эшитгач, марказни сақлаб қолиш учун 100 минг АҚШ долларига чек ёзиб берганди. Яна кичик ёшдаги ногиронлар аравачасига михланиб қолган қизалоққа ёқут кўзли узук сотиб олиб берганини ҳам ҳеч ким билмайди. Кўчада ёрдамга муҳтож бўлган одамларга 100 АҚШ долларини шунчаки тарқатиб юрарди. Бизнинг дўстлигимиз Лос-Анжелесда 1962 йилда бошланган. Ўшанда мен уни илк бор аренада кўргандим. У вақтларда дўстим Муҳаммад Али эмас, Кассиус Клей номи билан машҳур эди. Мен унга шаҳарни кўрсатишни таклиф қилдим. У рози бўлди. Шундан бери биз ажралмас дўстлар эдик. Али шеър ўқишни жуда яхши кўрарди. Бундан ташқари, у қайси жангда ғалаба қозонишини олдиндан сезарди. Спорт соҳасидаги ютуқларидан сўнг унда нафақат дўстлар сони, балки душманларнинг сафи ҳам ортиб борди. Бунга унинг Вьетнам урушида қатнашишдан бош тортгани ҳамда Ислом динини қабул қилгани сабаб бўлганди. Кўпчилик Алини фақат ўзини ўйлайдиган, худбин, қўрқмас инсон сифатида биларди. Аммо унинг ўта эътиборли ва сахий инсон эканини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмасди.
1981 йили Али билан кўп қаватли уйнинг остидан ўтиб кетаётган эдик. Ушбу бинонинг томида жонидан тўйиб кетган Вьетнамлик турарди. У ўз жонига қасд қилмоқчи бўлаётгани шундоққина кўриниб турарди. Пастда йиғилиб турган одамлар унинг ҳаракатларини кузатишарди. Юқоридаги киши эса пастдаги одамлар туфайли ўзини ерга ота олмасди. Ўшанда хаёлимга “Балки, уни бу фикрдан Али қайтара олар?”, деган ўй келди. Полиция бинони ўраб олди, ичкарига киришга ҳеч кимга рухсат этилмади. Аммо улар Алини кўриб ичкарига киришимизга тўсқинлик қилишмади. Биз Вьетнамлик фуқаронинг ёнига яқинлашдик. Муҳаммад Али у билан суҳбатлашиб, уни қутқариш учун шахсан ўзи келганини айтди ва йигитчани ўз жонига қасд қилиш фикридан қайтарди. Касби ветеринар бўлган йигитча қаршисида афсонавий Али турганини кўриб ҳайрон бўлиб қолганди. Али “биз сизни яхши кўрамиз, ҳаммаси яхши бўлади” деганидан сўнг, йигитча томнинг “лаб”идан орқага тисарилди.
Али ветеринар йигитга кийим-бош, уй олиб бериш, иш билан таъминлаш учун 2000 АҚШ долларидан кўпроқ маблағ сарф қилди. Бечора йигитча Муҳаммад Алига қандай қилиб миннатдорчилик билдиришни билмай, тинмасдан йиғларди. У Али буларни ҳеч қандай таъмасиз қилаётганига ишонгиси келмасди.
“Мен бир неча йил ёлғизликда яшадим. Мен билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Атрофдагилар учун менинг тириклигим ҳам, ўлганим ҳам барибир эди. Шундан сўнг, мен ўз жонимга қасд қилишга қарор қилдим. Мен ҳеч кимга керак эмасдим, фақат сизга керак эканман. Сиз менга ўз кучимга ишонишга имкон бердингиз”, дерди у йиғлаб.
Али унга бир неча йил давомида ҳар ой қўнғироқ қилди. У йигитчанинг ишлари, ҳаёти қандай кечаётгани билан қизиқарди. Муҳаммад Али ана шу йигитчага янги ҳаёт ва ишонч бера олган.
Гарчи дўстим Муҳаммад Али спорт соҳасида, бокс оламида обрўга эга, ҳурматли спортчи бўлсада, ҳаётда жуда оддий ва самимий инсон эди. Кунлардан бир кун самолётда учиб кетаётиб, димоғимга нохуш ҳид келиб урилди. Бу ҳақда Алига айтган эдим, у бу ҳид пайпоқларидан келаётганини гумон қилди. Кейин эса ўрнидан туриб, ҳожатхонага борди ва пайпоқларини ювиб, қуритиш учун осиб қўйди. У паркинсон касаллигидан жуда узоқ йиллар давомида азият чекди ва бу унинг тана ҳаракатларига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Аммо у ҳаётининг сўнгги кунларига қадар ҳаракат қилди ва одамларга яхшилик улашишдан чарчамади...”