Чеҳраси таниш, овози таниш, ҳатто касби, ёши, илгари қаерда учрашганингиз ҳам ёдингизда... Бироқ исмини эслолмайсиз!
Кишилар билан доимий мулоқотда бўладиган инсонларнинг кўпчилиги исмларни эслаб қолиш муаммосига дуч келадилар. Чеҳраси таниш, овози таниш, ҳатто касби, ёши, илгари қаерда учрашганингиз ҳам ёдингизда... Бироқ исмини эслолмайсиз!
Таниш ҳолатми? Унда, қуйида келтириладиган 5 та маслаҳат айнан Сиз учун!
1-маслаҳат: сизга бир кишини таништирганда, ёки ўзингиз танишганингизда унинг исмини овозингизни чиқариб талаффуз қилишни унутманг. Масалан: “Мен ҳам танишганимдан хурсандман, Бекзод” каби.
Қисқа танишув мобайнида унинг исмини уч-тўрт маротаба ТАКРОРЛАШИНГИЗ мақсадга мувофиқ. Шунда у ёдингизда қолади.
2-маслаҳат: кишининг исмига унинг мартабаси (профессор Адҳам Ўктамович), лавозими, вазифаси (Маърифат, бухгалтер), иш жойи (таҳририятдан Наргиза), сизга ким орқали таниш эканлиги (Илҳом — Рустамнинг дўсти), воқеа жойи (Акбар ака — кафедаги танишув) ва шунга ўхшаш «МАХСУС КОДЛАР» ОРҚАЛИ эслаб қолишга ҳаракат қилинг;
3-маслаҳат: кун давомидаги воқеаларни ёдга олганда, оила даврасида ёки ҳамкасблар ҳангомасида танишган одамингиз ёки у билан боғлиқ ишлар, иш жойи ҳақида гап кетганда албатта унинг ИСМИНИ ҚЎШИБ ГАПИРИНГ.
“Бир киши”, “анави ташкилот ходими”, “биттаси”, “анов” каби сўзларни ишлатишингиз янги танишган кишингизнинг исмини унутишга сабаб бўлади;
4-маслаҳат: янги танишнинг қайсидир АЖРАЛИБ ТУРАДИГАН ЖИҲАТИНИ эслаб қолинг ва исмига қўшиб (фақат унинг ўзига ёки танишларига эмас) талафуз қилинг.
Масалан: кўзи (шакли, ранги, ифодаси); қошлари (шакли, қалинлиги); пешона (катта, кичик, дўнг); ияк (чўзиқ, ичкарига тортилган); лаби (шакли, тузилиши, кулгичлари) ва ҳоказолар.
Масалан: кўзи кўк Баҳром ака, қошлари қалин Раъно, дўнгпешона Боҳодир, ияги чўзинчоқ Акбарали, ғунча лабли Мастурахон ва ҳоказо.
5-маслаҳат: аксарият ишчихизматчилар меҳнат фаолияти давомида қоғозқаламга мурожаат қиладилар. Жуда кўпчиликнинг шахсий иш тутиш дафтари, қайднома китоби ва чўнтак блокноти бор.
Ҳозирда 50% дан зиёд солиқ тўловчи шахсларнинг меҳнат фаолияти персонал компьютер билан боғлиқ.
Демак, янги маълумотни “СОВУТМАЙ” ЁЗИБ ҚЎЙИШга имкониятлар бисёр! Агар инсон мияси узликсиз равишда хотирасига кўрганкечирганларини ёзаверганида эди, бир неча соатдан сўнг хотира тўлган бўлар эди.
Шунинг учун янги танишбилишнинг нафақат исми шарифи, иш жойи, лавозими (вазифаси), телефон рақамлари, электрон почтаси, ва бошқа маълумотларини ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ.
Хотима. Азизлар, охирги пайтларда хотирамиз — миямиздаги хотира хужайраларида эмас, қўлимиздаги мобиль телефон флешкасида сақланаётгандай бўлиб қолди, десак муболаға бўлмайди.
Табиийки, замонавий кишининг янги танишувлари, энг аввало, унинг телефон рақамлари “рўйхатида” ўз аксини топади. Ҳаттоки мулоқотнинг аксарият қисми — интернет орқали ишлайдиган мобиль алоқа дастурларига кўчиб ўтгандай.
У ерда янги танишнинг суратини кўриш, унинг ёзишмаларини ўқиш, қизиқишлари билан танишиш имконияти мавжуд. Бундай ўзига хос “қайднома”нинг ўз афзаллик томонлари бор, албатта. Бироқ мия хотирасини мустаҳкамлаш, уни такомиллаштириб бориш ҳам ўз қўлимизда.
Ахир, ногаҳон учратиб қолган танишингизнинг исмини эслаш учун аввал телефон аппаратини очиб, кейин саломлаша олмайсиз-ку! Бундай ҳолатда киши ноқулай аҳволга тушиб қолиб, изза бўлиши ҳеч гап эмас...