Испаниялик мутахассис шогирдлари агар ўзларига жуда ҳам кўп ишониб юборишса, уларни қаттиқ жазолашга тайёр эканлигини билдирди.
Аниқроғи, “Манчестер Сити” футболчилари ўзларига кўп ишониб юборишса, Гвардиола ҳазил тариқасида уларни ўлдиришга ҳам тайёр эканлигини таъкидлади.
“...Жамоа натижаларига мураббий жавобгар ҳисобланади. Мураббий натижани кимдан талаб этади? Албатта, футболчилардан!
Агар улар тинмасдан қозонилаётган ғалабалар натижасида ўзларидан кетиб қолишса, мен уларни “ўлдиришга” ҳам тайёрман.
Менинг жамоамда тартиб ўз ўрнида, бундай бўлишига ишониш қийин. Чунки, “Манчестер Сити”га келганимда биринчи ишимни айнан жамоа ички муҳитидаги тартибни мустаҳкамлашдан бошлаганман.
Ҳа, “Манчестер Сити” балки ёмон ўйин ўтказар, балки бизни қайсидир жамоа мағлубиятга учратар, лекин мен шогирдларимнинг кўзларида футбол ўйнашлари учун хоҳиш кўрмасам, улар билан кейин бошқача гаплашиб оламан”, дейди испаниялик мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, Хосеп Гвардиола ва унинг “Манчестер Сити”даги германиялик шогирди Лерой Сане Англия Премьер-Лигасида октябрь ойининг энг илғорлари бўлишгани ҳақида аввалроқ хабар бериб ўтгандик.
Гвардиола кетма-кет ушбу совринни қўлга киритган бўлса, Сане биринчи марта ойнинг “энг яхши футболчиси” дея эътироф этилди.
Бундан ташқари, “Манчестер Сити” жамоаси Англия чемпионатининг 12 туридан сўнг энг яқин таъқибчиси “Манчестер Юнайтед”ни 8 очко ортда қолдириб якка пешқадам бўлиб турибди.
Бундан ташқари, “шаҳарликлар” Европанинг кучли 5 та чемпионатида мавсум бошидан буён мағлубиятга учрамаган ягона жамоа ҳисобланишади.