Кўп ҳолларда бозор ва дўконларда терминали бўла туриб, пластик карта орқали савдо қилишга қарши чиқадиган сотувчилар учраб туради.
Тошкент шаҳрида яшовчи Муборак Мадраҳимова Олмазор туманида жойлашган “Муслима Файз барака” савдо мажмуасидан сантехника маҳсулотлари сотиб олмоқчи бўлганида унга дўкон ходими пластик карточка орқали савдо қилмаслигини билдирган. Фуқаро бу ҳақда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси “ишонч телефони”га мурожаат қилган. Унинг мурожаати бозорда фаолият олиб борувчи солиқ инспекторлари кўмагида жойида ҳал этилиб, М.Мадраҳимовага зарур маҳсулотлар ҳақи терминал орқали қабул қилинган.
Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси “ишонч телефони”га “Наргиза” хусусий корхонасига қарашли хусусий дўконда харидорларга амалга оширган савдоси учун харид чеки берилмаётгани баён қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган текшириш давомида дўкон сотувчиси ноқонуний равишда 100 АҚШ доллари миқдорида хорижий валютада савдо қилганлиги, савдодан тушган нақд пуллар назорат касса машинасидан ўтказилмаганлиги, бундан ташқари ҳеч қандай ҳужжатсиз 700 минг сўмлик товар-моддий бойликлар борлиги аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича хусусий корхонага тегишли тартибда қонуний чора кўрилган.
Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармасига Жондор тумандаги Пўлатли қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яширин равишда дорихона фаолияти йўлга қўйилгани ҳақида хабар келиб тушган. Мазкур мурожаат юзасидан давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида ўз уйида аҳолига ноқонуний дори-дармонлар сотаётган фуқаро аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ноқонуний дорихонадан 168 турдаги дори-дармон маҳсулотлари далилий ашё сифатида олиб қўйилди.