Хоразм вилоятида 2019-2020 йилларда қовун маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмларини ошириш бўйича чора-тадбилар дастури тасдиқланади.
Қарор билан:
- Хоразм вилоятида 2019-2020 йилларда қовун маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмларини ошириш бўйича чора-тадбилар дастури;
- Хоразм вилояти қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланилмай турган ер майдонларидан самарали фойдаланиш учун 2019-2020 йилларда қовун жойлаштириш ва ялпи ҳосил прогноз кўрсаткичлари;
- Хоразм вилояти туманларида 2019-2020 йилларда қовун экиш учун иссиқхоналар ташкил этиш прогноз кўрсаткичлари тасдиқланади.
Қарорга мувофиқ:
- “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзагроэкспорт” АЖ, Хоразм вилояти ҳокимлиги қовун етиштирувчи фермер хўжаликлари билан қайта ишловчи ва экспортёр ташкилотлар ўртасида маҳсулотларни харид қилиш бўйича ҳар йили 1 март кунигача шартномалар тузилади ва бўнак маблағлари ажратилади;
- “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖлари томонидан белгиланган тартибда фермер, деҳқон, иссиқхона хўжаликлари, кластерлар, илмий-тадқиқот муассасаларига қовун уруғлари ва маҳсулотларини етиштириш учун ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, кимёвий препаратлари шартномалар асосида етказиб берилади;
- Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Хоразм вилояти хокимлиги билан биргаликда ҳар йили 1 июнга қадар фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан экилган қовун майдонларни назорат ўлчовидан ўтказади ва амалга оширилган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, қовун экинларини фермер хўжаликлари кесимида жойлаштириш ва экилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Фанлар Академияси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси икки ой муддатда:
- дунёдаги ривожланланган давлатларнинг қовун маҳсулотларини тур ва навлари бўйича импорт қилиш хажмларини ўрганиш ва ушбу давлатларнинг талабларидан келиб чиқиб, республикада қовун маҳсулотларини экспортга чиқариш;
- вилоятда экспортбоп қовун етиштиришни йўлга қўйиш учун ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига ва иссиқхонага мос, серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли қовуннинг нав ва дурагайлар уруғларини хорижий мамлакатлардан олиб келиш юзасидан асосланган таклифларини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган.
“Ўзагрокимёхимоя” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Фанлар академияси ва Хоразм вилоят хокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда қовун экинларида учрайдиган касаллик ва зараркунандаларга (қовун пашшаси) қарши кураш ишларини тизимли равишда амалга оширишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқади ва ижросини таъминлайди.