Хитой–Ўзбекистон учрашуви бугун, 31 август куни Тошкент вақти билан соат 17:00 да “Спорт” телерадиоканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади.
“ЖЧ саралаш босқичининг сўнгги икки ўйинига жиддий тайёргарлик кўрдик. Ўқув-машғулотлар йиғинида барча футболчилар ўз имкониятини намойиш этди.
Шогирдларимда ғалабага бўлган чанқоқликни кўряпман. Гуруҳдаги ҳолатимиз яхши эмас, аммо биз учун сўнгги имконият.
Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧга чиқиш учун биздан кўра яхшироқ имкониятга эга эканини биламиз. Аммо биз устунликни қўлга олиб, тактик ўйинимиз орқали ғалабага эришишга ҳаракат қиламиз.
Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан ҳаяжондаманми? Йўқ, ахир мен профессионал мураббийман. Хитой термаси кундан кунга тактик жиҳатдан кучайиб бормоқда ва бундан мамнунман.
Биргина нарсадан қониқиш ҳосил қилмаяпман — бу Хитой термасининг жаҳон рейтингидаги ўрни. Ишончим комил, жамоа яхшироқ натижа қайд эта олади ва ўзимизга бўлган ишонч бунга ёрдам беради”, деди италиялик мутахассис.
“Бугун уйимиздаги охирги учрашувни ўтказамиз. Барчамиз ушбу ўйинни сабрсизлик билан кутдик. Ортда қолган 8 учрашувда баланд-пастларни бошдан кечирдик.
Саралаш босқичидаги ўйинларнинг ҳеч бири осон ўтмади. Нима бўлганда ҳам, майдонга фақат ғалаба учун тушамиз”, дейди 37 ёшли Хитой терма жамоаси сардори Женг Зи.
Азиз спорт мухлислари, Хитой терма жамоаси мураббийи ва жамоа сардори бугунги учрашувда ўзларининг ғалабаларига тўлиқ ишонишмоқда.
Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон терма жамоаси бу борада қандай фикрда? Улар ҳам ўз ғалабасига ишонишмоқдами? Терма жамоанинг учрашувга тайёргарлиги қандай?
Фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз...
Эслатиб ўтамиз, Хитой–Ўзбекистон учрашуви бугун, 31 август куни Тошкент вақти билан соат 17:00 да “Спорт” телерадиоканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади. Учрашувни таниқли шарҳловчилар Хайрулла Ҳамидов ва Дилшод Тўхтабековлар шарҳлаб боришади.