Хитой мамлакатдан ноқонуний олиб-чиқиб кетилган 10 миллиард юанни қайтаришга муваффақ бўлган.
Хитой Компартиясининг тартиб-интизом бўйича марказий комиссияси дунёнинг 90 мамлакатидан 4141 нафар жиноятчи қайтарилганини маълум қилган. Таъкидланишича, уларнинг орасида 825 нафари собиқ давлат хизматчилари мавжуд. Шунингдек, Хитой ҳукуматининг энг қаттиқ қидирилувчи 100 нафар қочоқлар рўйхатига киритилган 52 нафар жиноятчи ҳам қайтарилган.
Шу билан бирга, Хитой “самовий тармоқ” кампанияси доирасида мамлакатдан ноқонуний олиб-чиқиб кетилган 10 миллиард юань (1,58 миллиард доллар) пулни қайтарган.
Маълумот ўрнида, 2015 йил апрель ойида Хитой чет элларга қочган коррупцияга алоқадор амалдор ва коммунистик партия аъзоларини қайтариш учун “самовий тармоқ” кампаниясини бошлаган. Ҳукумат Интерполга 100 нафар энг кўп қидирилаётган одамлар рўйхатини берган. Интерпол ўз навбатида рўйхатдагиларга нисбатан “қизил огоҳлантириш” эълон қилган.
Жорий йил апрель ойида Хитой ҳукумати коррупцияга алоқадор қочоқларни тутиш ва қайтариш учун янги “Самовий тармоқ-2018” дастурини бошлади.