Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техникавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этгани ва қўллаб-қувватлагани учун Хитой Халқ Республикаси раҳбариятига, шахсан ХХР Раиси Си Цзиньпинга самимий миннатдорлик билдирди. Хитой Ташқи ишлар вазирининг Самарқандда бўлиб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Биринчи Президентимизга юксак эҳтиром ифодасидир.
Самимий ва хайрихоҳлик руҳида ўтган суҳбат давомида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йилда Хитойга ҳамда ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг 2016 йилда Ўзбекистонга ташрифлари ўзаро англашув ва ишончга асосланган муносабатларни янада мустаҳкамлагани, икки тарафлама манфаатли ҳамкорликка янги суръат бағишлаганини алоҳида қайд этдилар.
Мамлакатларимиз мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотларга алоҳида аҳамият қаратади. Бу амалиётни келгусида ҳам давом эттириш, 2017 йилда навбатдаги учрашувларни ўтказишга келишиб олинди, дейилади хабарда.
Ван И жорий йил июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси ва унинг натижаларига яна бир бор юксак баҳо берди. Мамлакатларимизнинг ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги яқин ҳамкорлигини давом эттиришдан томонлар бирдек манфаатдор экани таъкидланди.
Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ва унинг таркибида фаолият юритаётган еттита ихтисослашган қуйи қўмиталар доирасида амалга оширилаётган ишлар самаралари қайд этилди.
Икки томонлама, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик кўплаб масалалар бўйича фикр алмашишнинг самарали механизмига айланган ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги йиллик сиёсий маслаҳатлашувлар ўзаро ҳамкорликнинг муҳим бўғини ҳисобланади.
Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техникавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва сармоявий шерикларидан биридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард АҚШ долларидан, Ўзбекистондаги устувор лойиҳаларга жалб қилинган Хитой инвестициялари ва кредитлари ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошади.
Хитой компаниялари ва банклари иштирокида мамлакатимизда Қамчиқ довони орқали 19 километрлик темир йўл туннелини ишга тушириш, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи ва Қўнғирот сода заводини қуриш, Хоразм вилоятида замонавий экскаватор ва бульдозерлар ишлаб чиқариш, телекоммуникациялар ва ахборот технологияларини ривожлантириш сингари саноат ва инфратузилма ривожи учун муҳим лойиҳалар, шунингдек, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида инвестициявий лойиҳалар амалга оширилган.
Бугунги кунда “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси шиналари ва конвейер лентаси ишлаб чиқариш заводини ҳамда “Навоийазот” акциядорлик жамияти негизида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш каби муҳим инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Энергетика, нефть-газ, ирригация ва мелиорация соҳаларида, инфратузилмаларни модернизация қилиш борасида ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қўшма лойиҳалар тайёрланмоқда.
Халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётган Ўзбекистон – Хитой маданий-гуманитар алоқаларига ҳам юқори баҳо берилди.
ХХР ташқи ишлар вазири Ван И самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Хитой раҳбарияти Ўзбекистон билан мамлакатларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келадиган барча истиқболли йўналишлар бўйича шерикликни бундан буён ҳам фаол ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг барқарорлиги, хавфсизлиги, изчил ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлидаги ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга мустаҳкам соғлик ва улкан муваффақиятлар, Хитой халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.