Йирик корхоналардаги солиқ юкининг юқорилиги "адолатли бозор иқтисодиёти" тамойилларига зиддир.
Унга кўра, "кичик корхона" мақомини корхона даромадини инобатга олмасдан фақатгина ишчилар сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши корхоналарнинг ривожланиши ва кенгайишига тўсқинлик қилади.
Шунингдек, халқаро экспертлар қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) ставкасининг 20 фоиз миқдори Ғарбий Европа мамлакатларидаги ҚҚС ставкаси миқдорига тенг эканлиги, бу эса ўз навбатида, Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиш даражасига мутаносиб эмаслигини айтган.
Солиқ юкининг йирик ва кичик корхоналар ўртасида тенг тақсимланмагани, яъни кичик корхоналар тўлайдиган солиқлар билан йирик корхоналар тўлайдиган солиқлар ўртасида катта тафовутнинг мавжудлиги кичик бизнес эгаларининг кенгайишга интилмаслигига олиб келади.
Йирик корхоналардаги солиқ юкининг юқорилиги "адолатли бозор иқтисодиёти" тамойилларига зиддир. Хусусан, уларда оборотдан (давлат мақсадли жамғармаларига оборотдан 3,2 фоиз миқдорда мажбурий ажратмалар) ундириладиган солиқлар мавжудлиги ҳамда мулк солиғи ставкасининг юқорилиги солиқ қонунчилигининг мутаносиб эмаслигини кўрсатади.
Экспертлар акциз солиғи турларининг кўплиги ва акцизости товарлар ставкалари уларни импорт қилишда ва ички ишлаб чиқаришда турлича экани Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига кириши учун жиддий тўсиқ, деб ҳисоблайди.