...
МЕНЮ
ONLINE TV

Халқ қалбига очилган йўл: Оқсарой қаршисидаги йўл очилди


12:08, 29.11.2016 Жамият
 7 124

Бир неча йиллардан буён автомобиль ҳаракати тақиқлаб қўйилган бу йўлда икки томонлама қатнов қайта тикланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳи – Оқсарой биноси жойлашган ҳудуд атрофи мана бир неча йилларким автомобиллар учун ёпилган эди.
 
Оқсарой биносининг қаршисидаги йўл – Афросиёб кўчасининг Шароф Рашидов проспекти ва Бешёғоч кўчалари кесишмасидаги автомобиль йўлида транспорт воситалари ҳаракати йўлга қўйилди.
 
Бу кўчада тўсиқлар олиб ташланиб, автомобиль йўли очилганлиги ҳақидаги хабар ва фотосуратлар 28 ноябрь куни кечаси тарқалган. 
 
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолият олиб борган Оқсарой биноси салобати ва чиройи билан доим Ўзбекистон аҳлининг фахри ва ғурури бўлиб келган. Ҳар тонг Ислом Абдуғаниевичнинг кортежи шу йўлдан ўтиб, Оқсарой ҳовлисига бориб тўхтарди. Бугун Оқсарой атрофи пиёдалар учун ҳам очилган. У ерга бориб суратга тушаётганлар ҳам талайгина.
 
Куни кеча Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова ва қизи Лола Каримова-Тилляева Оқсаройга ташриф буюриб, Ислом Каримовнинг иш столи ёнида суратга тушишган эди. Ўшанда Лола Каримова-Тилляева Ислом Каримов хайрия фонди ташкил этилаётгани ва музей очилиши ҳақида маълум қилганди. Балки, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти то умрининг сўнггига қадар фаолият олиб борган салобатли Оқсарой биноси музейга айлантирилар. Унинг қаршисидан ўтган автомобиль йўлининг очиб юборилиши шундай тахминларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
 
Халқимиз бир неча ой аввал ўта қайғули воқеани бошдан кечирди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Мустақиллигимиз асосчиси, мустаҳкам қўрғоннинг бунёдкори Ислом Каримовнинг вафот этиши Ўзбекистон аҳлини чуқур қайғуга солди. Бироқ иродаси бақувват бўлган Ўзбекистон халқи кўзида ёш билан бўлса-да бу оғир мусибатни енгиб ўтишга, ўзини йўқотиб қўймасликка, янада жипслашиб, юртни, Ватанни омон сақлашга, Президент васиятини бирдай бажаришга, бугунги таҳликали даврда масъулиятни ўз гарданига олганларга қанот бўлишга ҳаракат қилди ва бунинг уддасидан муносиб равишда чиқа оляпти.
 
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов халқимиз хотирасида абадий яшайди. У бугун ҳаётда ўз ўрнини топган ёшларнинг ўтли нигоҳи, кўкка бўй чўзган бинолар, бунёдкорлик маҳсули бўлган саройларда, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси қалбида мангу барҳаёт. Ислом Каримов номини абадийлаштириш, хотирасини улуғлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар эса халқнинг кўнглига йўл очади. Оқсарой қаршисидан ўтган йўлнинг очилиши ҳам миллионлаб фуқаролар қалбига очилган йўлдир, десак муболаға бўлмайди. 
Дурдона Расулова

Теглар:Ислом Каримов Оқсарой 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар