Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида халқнинг фикри, кимга овоз бериши инобатга олинармикин... Ё танлов халқ томонидан эмас, кенгаш аъзоларининг таклифи билан амалга ошириладими?
14 февраль куни мазкур тақдирлаш маросими ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Айни дамда “Эътироф” мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросимини ташкил этишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича республика Ташкилий-ижодий гуруҳи ҳамда номзодларни сараловчи Бадиий кенгаш ташкил этилган.
Ўтган йили қатор номинациялар бўйича ғолибларнинг номи эълон қилинганда, кўпчилик томошабинлар ҳайратларини яшира олмай, “Қандай қилиб, бу йил нима иш қилди?”, деган кинояли саволни беришган эди. Бунинг ортидаги гап-сўзлар 2016 йилнинг ярмигача тингани йўқ. Хусусан, хонанда Малика Эгамбердиевага мукофот топширилиши кўплаб эътирозларни келтириб чиқарди. Қизиқ, Бадиий кенгаш аъзолари Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида халқнинг фикрини, кимга овоз беришини инобатга олармикин... Ё танлов халқ томонидан эмас, кенгаш аъзоларининг таклифи билан амалга ошириладими? Ҳозирча номзодлар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.
Узоқ кутилган тақдимот маросими хўжакўрсинга эмас, ҳаққоний тарзда ўтказилишига нафақат ижодкор, балки мухлислар ҳам умид боғлаётгани аниқ. Дарвоқе, мукофотнинг халқ ва ижодкорлар орасидаги мавқеи 14 февраль куни мукофотланадиганларга кўп жиҳатда боғлиқ.
Маълумот учун, “Эътироф” мукофоти “Театр, кино ва оммавий томошалар”, “Эстрада, анъанавий, опера хонандалиги, мусиқа ижрочилиги ва рақс санъати”, “Тасвирий ва амалий санъат”, “Бадиий ижод, журналистика ва телевидение”, “Спорт”, “Эътибор, эҳтиром, эъзоз” каби йўналишлар бўйича ўтказилади.
“Эътироф” мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросими 14 февраль куни “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтади.