Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тугатилади ва унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил этилади.
Ушбу фармонни дунёга келишининг сабаби сифатида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан мутасадди орган сифатида ўз олдига қўйилган кенг кўламли масалаларнинг тўлиқ ижроси таъминланмагани, айниқса, давлат бошқаруви ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мазкур соҳада мувофиқлаштириш, маданий-маърифат ва спорт-соғломлаштириш муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича ишлар етарли даражада олиб борилмагани кўрсатилмоқда.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тугатилади ва унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил этилади.
Фармонга кўра, Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг ушбу соҳаларда давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича барча жабҳаларини қамраб олувчи бир қатор асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланган:
миллий маданий ва маънавий меросимизни асраб-авайлаш ва бойитиш, санъат ва бадиий ижодни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшлар онги ва қалбида мустақиллик ғоясига, юқори маънавият ва инсонпарварлик анъаналарига садоқат туйғулари янада чуқур илдиз отиши, радикализм ва экстремизмдек ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш, бадиий ижоднинг ривожланишини янада рағбатлантириш, ижодий жамоаларга, айниқса, ижодкор ёшларга ҳар томонлама кўмаклашиш, маданият муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишни оммалаштириш бўйича кенг кўламли ишларни ташкиллаштириш, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш фармонда келтирилган энг устувор вазифалардир.
Қолаверса, болалар, айниқса, қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб этиш, болалар спортини ҳар томонлама ривожлантириш, болалар спорт таълими сифатини ошириш орқали барча ҳудудларда болалар спорт объектлари тармоғини янада кенгайтириш, шу асосда болалар соғлиғини мустаҳкамлаш ва уларнинг барқарор жисмоний ривожланишини таъминлаш масаласига ҳам фармонда алоҳида эътибор қаратилган.
Фармонга биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш бўйича Комиссия тузилди. Комиссияга бир ой муддатда Маданият ва спорт ишлари вазирлигини қайта ташкил этиш бўйича барча масалаларни ҳал этиш, Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг марказий аппаратига малакали мутахассисларни ҳар томонлама саралаш ва кадрлар билан тўлдиришни таъминлаш топшириғи берилган.