Сайловда Германиядаги Христиан-демократик иттифоқи — Христиан-социал иттифоқи (ХДИ/ХСИ) партиялари альянси ғалаба қозонди.
Кеча парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда Германиядаги Христиан-демократик иттифоқи, Христиан-социал иттифоқи (ХДИ/ХСИ) партиялари альянси 33 фоиз овоз билан ғолибликка эришди. Бу ҳақда “Independent” нашри хабар берди.
Кейинги ўринда Германия социал-демократик партияси 20 фоиздан кўпроқ овоз билан эгаллади ҳамда 3-ўринни “Германия учун муқобил” деб номланган сиёсий партия 12,6 фоиз овоз тўплаган ҳолда сайловларни якунлади.
Айтиб ўтиш керакки, “Германия учун муқобил” партияси илк маротаба Бундестагдан ўрин эгаллади. Натижалар барча, 299 та сайлов округи бўйича овозлар ҳисоб-китоб қилингандан кейин маълум қилинди.
Бундан ташқари, Бундестагга кириш учун қўйилган 5 фоизлик тўсиқдан яна 3 та партия ўтиб, депутатлик ўринларига эга бўлди. Улар: Озод демократик партия (10,7 фоиз овоз), “Сўллар” (9,2 фоиз) ва “Яшиллар” (8,9 фоиз) партиялари.
Маълумот учун, 16 та федерал ҳудудлардаги сайлов округлари сони айнан ўша ҳудуд аҳолиси сонига қараб ўзгариши мумкин. 299 та округда 73 минг 500 га яқин сайлов участкаси жойлаштирилади.
Сайловлар маҳаллий вақт билан 8:00 да бошланиб, 18:00га қадар давом этган.