AIBA президенти вазифасини бажарувчи Ғафур Раҳимов Ўзбекистонда спортга қаратилаётган эътибор ҳақида гапирди.
Меҳмонни Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов кутиб олди. Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат томонидан қаратилаётган эътибор ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
“Кузатиб бораётган бўлсангиз, ўзбек спортида жиддий ўзгаришларни амалга оширяпмиз. Спорт турларини ичига кириб боряпмиз”, деб сўз бошлади Умид Аҳмаджонов. Қолаверса, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ўзаро ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Сиз кўп йиллар давомида Ўзбекистон бокс федерациясида раҳбар сифатида фаолият олиб боргансиз. Ўзбек бокси ривожига меҳнатингиз сингган.
Рио Олимпиадасидан сўнг фарзандини боксга олиб боришни истаган ота-оналар сони кескин ошди. Насиб қилса, бошқа спорт турларини ҳам шу тарзда оммавийлаштириб юбормоқчимиз. Бунинг учун сизнинг маслаҳатингиз, ёрдамингиздан жуда хурсанд бўламиз.
“Сиз AIBA раҳбари вазифасини бажарувчи бўлгангиздан сўнг ташкилотда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Авваллари бокс ичида муттаҳамликларни кўп кузатганмиз. Бу ҳақида Халқаро Олимпия қўмитаси Президенти Томас Бах ҳам айтиб ўтганди. Сиз ташкилот тепасига келганингиздан сўнг AIBA ҳар томонлама ўзгара бошлади”, деди Умид Аҳмаджонов.
Ўз навбатида Ғафур Раҳимов ҳам Ўзбекистонда спортга қаратилаётган эътибор ҳақида гапириб ўтди.
“Таклиф учун раҳмат. Биласиз, AIBA жаҳонда учинчи ёки тўртинчи ўринда турувчи спорт федерацияси ҳисобланади. Бокс бутун дунёда яхшигина ривожланиб кетган. Ҳаваскорлар ўртасида ҳам, профессионаллар ўртасида ҳам турли мусобақалар ташкил қилиб келинмоқда. Янги мусобақаларга асос соляпмиз. Аралаш яккакураш бўйича янги йўналишни Олимпия ўйинлари дастурига киритмоқчимиз. Унда икки нафардан эркак ва аёл ўртасида баҳс кечади. Бу қизиқарли спорт мусобакаси бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистонда спортга қизиқиш доимо юқори даражада бўлган. Ўзбек замини жаҳонга кўплаб кучли ва юлдуз спортчиларни тақдим этган. Сўнгги икки йилда эса спортга, ёшлар билан ишлашга эътибор жуда ошди. Сўнгги бир йилнинг ўзида Ўзбекистонда спорт соҳасида, умуман жисмоний тарбия таълими ва Олимпия ҳаракатида инқилобий ўзгаришлар юз бермоқда. Албатта, бу ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларнинг муҳим бир йўналишидир.
Мен хизмат сафарлари билан кўп мамлакатларда бўламан. У ерда мени ўзбек эканлигимни билишгач, Ўзбекистонда юз бераётган катта ўзгаришлардан хурсанд эканликларини изҳор килиб, мамлакатимиз раҳбари томонидан қисқа муддатлар ичида амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларни алоҳида эътироф этишади. Шундай пайтларда мен ўзбек эканлигимдан фаҳрланиб кетаман. Президентимиз ҳар бир ўзбекистонлик учун намуна ва ибрат тимсолидир. Мамлакат раҳбари спортга шундай эътибор қаратяптими, унинг ишончини оқлаб, янги ғалабалар, олтин ва кумуш медалларни қўлга киритиш лозим” деди Ғафур Раҳимов.
Умид Аҳмаджонов ҳам унинг сўзларини тасдиқлади ва Ўзбекистона спорт тизимида юз бераётган ўзгаришлар ҳақида гапириб берди.
“Биз ҳам спорт тизимида ўзгаришларни амалга оширяпмиз. Олдин терма жамоаларимизда фақатгина бир ҳил спортчилар юртимиз шарафини ҳимоя қилиб келишган. Уларга эса ўз вақтида ўринбосар тайёрланмаган. Масалан байдарка ва каноэда эшкак эшиш ҳақида гапирадиган бўлсак фақат Вадим Меньков халқаро мусобақаларда иштирок этади. Яқинда очиқ турнир ташкил қилдик ва унда 18 ёшли спортчи Меньковни ортда қолдира олди. Айтмоқчиманки, ўша янги номларни олиб чиқа олишмаган. Яна бошқа спорт турларидан ҳам турли селекцион мусобақаларни ташкил қиляпмиз”, деди Аҳмаджонов.
Ўз навбатида AIBA раҳбари Ўзбекистонда бокс ривожи учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди.
“Ишонтириб айтаманки, Ўзбекистонда бокснинг ривожланишида AIBA ҳар томонлама ёрдам беради. Бундан ташқари, ўзбек бокси мактаби ўз шонли тарихига эга. Устозлар анъанасини ёш авлод муносиб давом эттириб, Токио Олимпиадасида энг баланд чўққига эришишларига ишончим комил. Кўрсатилган эҳтиром ва ҳурмат учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига чуқур миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчиман. Ҳамкорлигимиз муваффақиятли ва истиқболли бўлишига ишончим комил”, деди AIBA Президенти вазифасини бажарувчи Ғафур Раҳимов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғафур Раҳимов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан товламачиликда айбланиб қидирувга берилган эди. Кейинчалик қидурув эълонни ИИВ ўз сайтидан олиб ташлаган.