Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида бўрондан талафот етган объектлар қайд этилди.
Кеча, 27 феврал куни Республикамизнинг айрим ҳудудларида хусусан, Бухоро, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида кучли шамол ва ёмғир кузатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Айниқса, Тошкентда шамолнинг тезлиги 16 м/с (58 км/с) гача, пойтахт вилоятида эса 15 м/с (54 км/с) гача етди.
Натижада Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги йўлнинг қатнов қисмига дарахт ағдарилиб тушган ва туман ободонлаштириш бошқармасининг ёрдами билан қисқа вақтда табиий офатнинг оқибаталари бартараф қилинган.
Самарқанд вилоятининг, Ургут, Каттақўрғон, Самарқанд туманларида, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Тошкент ва Янгийўл туманларида ва Тошкент шаҳрида шиддатли ёмғир ёғиб ўтган.
Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрининг айрим туманларида турар-жой биноларининг алоҳида қисмларига сув кириши кузатилган.
Самарқанд вилоятининг Ургут, Каттақўрғон, Самарқанд туманлари тоғли ҳудудларида сел ёғиб ўтган.
Таъкидлаш керакки, Самарқанд вилоятининг тоғли ҳудудларида бир суткадаги ёғингарчилик, ойлик ёғингарчилик миқдорининг 67% ни ташкил этди.
ФВВ расман бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан ФВБ, ИИБ ходимлари ҳамда маҳаллий хокимият органлари билан ҳамкорликда жойларда профилактик чоралар кўрилганини, жароҳат олганлар ёки жабрланганлар ҳақида маълумотлар келиб тушмаганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, эртага, 1 март куни Республика ҳудудида об-ҳаво кескин ўзгариши ҳақида маълумот бериб ўтган эдик.