Спортнинг бу тури бўйича ҳар бир вилоятда алоҳида академия ташкил қилинади.
Мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиеёвнинг спорт соҳасида давлат бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида кўрсатилган вазифаларни тартибга солиш мақсадида, МОҚ Олимпия захиралари коллежлари раҳбариятини бир жойга йиғди.
Йиғилишни асосан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов олиб борди.
“Квоталарни талабга қараб белгилашимиз лозим. Спорт турлари бўйича ўринлар ҳам шунга қараб тақсимлади.
Боксга қизиқадиган ёш спортчини мажбурлаб волейбол йўналишида ўқитмаймизку. Шунинг учун, коллеж вакиллари федерация билан келишган ҳолда талабга қараб буни қайта кўриб чиқишлари керак.
Федерация раҳбарлари қайси вилоятда ўз спорт турини ривожлантириш бўйича истиқбол кўрмоқда? Бугун бу борада улар ўз таклифини берадилар.
Айрим коллежларда 29 та спорт туридан сабоқ берилади. Хўш, уларнинг ҳаммасида дарслар, машғулотлар юқори савияда ташкил этилади деб айта оламизми?
Қандай қилиб битта коллеж 29 та турни ривожлантириши мумкин? Андижонда кўргандик, волейбол учун ҳар йили 3 та ўқувчи қабул қилинади. Аслида волейболни 6 киши ўйнаса, яна захира ўйинчилари бўлса, 3 та спортчи билан нимани ривожлантирмоқчимиз?
Энди коллежларни минтақаларга бўламиз. Бокс, дзюдо ва яккакураш спорт турларига бўлган талаб юқори, уларни балки Олимпия захиралари колежларининг ҳаммасида қолдириш мумкиндир.
Бироқ ривожланишда оқсаётган спорт турлари бўйича марказ вужудга келиши керак. Андижонда 3 та, Фарғонада 3 та, Наманганда 3 та волейболчи ҳеч нарсага эришмайди.
Уларни бутун водий бўйлаб бирлаштиришимиз ва машғулотлар савиясини оширишимиз керак. Олимпия захиралари коллежлари спортни оммалаштириш билан умуман шуғулланиши керак эмас.
Давлатимиз раҳбари бу ишни мактаблардан бошлаш кераклигини кўрсатиб ўтдилар. Коллежлар эса ўз номи билан терма жамоанинг захираси ва базаси бўлади ва унда фақатгина моҳир спортчи ёшлар жам бўлиши шарт.
Ана шундагина колежларда фақат етук ва иқтидорли спортчилар вояга етади. Бу энг аввало ёшлар ўртасида соғлом рақобатни кучайтиради. Рақобат бор жойда эса, юксалиш бўлади” деди Аҳмаджонов.
Йиғилишдаги энг асосий масала шундан иборат бўлдики, эндиликда Олимпия захиралари коллежларида футбол йўналиши бўлмайди.
Спортнинг бу тури бўйича ҳар бир вилоятда алоҳида академия ташкил қилиниши ва ушбу академиялар бевосита ЎФА назоратида бўлиши ҳақида маълум қилинди.