...
МЕНЮ
ONLINE TV

Франкфуртда 200 дан ортиқ ўзбекистонликлар иштирокида футбол мусобақаси ўтказилди


18:30, 22.05.2018 Спорт
 2 690

Турнирда бир қатор ўзбекистонликлар ўз фикр ва мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашди.

Чет элларда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари билан алоқаларни мустаҳкамлаш саъй-ҳаракатлари доирасида Германиянинг Франкфурт шаҳрида футбол турнири бўлиб ўтди.
 
6-марта ўтказилган “Давра кубоги” учун турнир Ўзбекистон Республикасининг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси, “Давра” Олмон-Ўзбек дўстлик жамияти ва ГФРдаги Ўзбекистон элчихонаси (Берлин) ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда Германия ва Чехиядан 12 та жамоа иштирок этди.
 
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакиллари иштирок этган тадбирда 200 дан ортиқ Европада яшаётган ўзбек ёшлари ўз оилалари ва фарзандлари билан қатнашди.
 
Тадбирда асосий спорт мусобақаси билан бир қаторда турли миллий ўйинларимиз ҳам ташкил этилиб, ўзбеклар учун анъанавий байрам таоми – палов тарқатилди. Турнир мобайнида бир қатор ўзбекистонликлар ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
 
Александр Гумбольдт номидаги университет доценти, Потсдам геотадқиқотлар маркази илмий ходими Аброр Ғофуров:
 
– Франкфурт шаҳридаги футбол турнирига 200 дан ортиқ ватандошларимиз Европанинг турли шаҳарларидан ўз жамоалари, оилалари ва фарзандлари билан келиб, дўстона мусобақалар ўтказмоқда. Бу, албатта, хорижда яшаётган ўзбекистонликлар учун катта маънавий ва маданий озуқа десам, хато бўлмайди. Чунки кўпчилигимиз немис ташкилотларида ишлаб доимо германиялик ҳамкасблар билан мулоқотда бўламиз, асосий вақтимизни улар билан ўтказамиз. Бугунги каби ватандошлар билан учрашувлар эса бизда юртимизга бўлган соғинчни қайсидир маънода қондиришга, ўзаро фикрлар алмашиб, урф-одатларимизга хос суҳбатлар ўтказишимизга имконият яратади.
 
Шу ўринда айтиш керак, Ватанимиз тараққиётида чет элларда юрган ўзбекларнинг ҳам ўз ўрни бор. Улар нафақат Ўзбекистонга билим, сармоя ва техника олиб келмоқдалар, шунингдек, ўзлари яшаётган мамлакатларда юртимизни намойиш этиб, унинг маданияти ва урф-одатларини хорижликларга кўрсатмоқда. Мазкур тадбир учун ташкилотчиларга миннатдорлигимиз чексиз!
 
“Мана бугун Ўзбекистоннинг Германиядаги дипломатик ваколатхоналари ва “Давра” Олмон-Ўзбек дўстлик жамияти томонидан ташкил этилган футбол турнирида “Прага-маҳалла” жамоаси таркибида иштирок этяпман. Мусобақа нафақат спорт тадбири, шунингдек, Европада яшаётган ўзбекистонликларни бир-бири билан таништириш, уларни бирлаштириш ва ўзаро мулоқотга киришишларига имконият яратувчи платформа сифатида муҳим аҳамият касб этади”, дейди Прагада яшовчи ўзбекистонлик Олим Обидов.
 
“Жаҳон” ахборот агентлиги,
Франкфурт-Майн
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Франкфурт ўзбекистонликлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!