Давлат раҳбарлари “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўлининг қурилиши имкон қадар тезлаштириш минтақа мамлакатларининг туб манфаатларига хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Тошкентга ташриф қилган Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига борди. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида пойтахтдаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди.
Қирғизистон Республикаси Президентининг расмий ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари тор доирада музокара бошладилар.
Сооронбой Жээнбеков Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонга таклиф этгани учун миннатдорлик билдириб, Қирғизистон халқи номидан чуқур ҳурмат ва эҳтиром изҳор этди.
- Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини чинакам дўстлик, яхши қўшнилик ва шериклик чегарасига айлантирдингиз, - деди Қирғизистон Президенти.
Президентлар ушбу ташриф савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациялари ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги ишларни якунига етказиш, янги ўтказиш пунктлари очиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини муҳокама қилиш учун яхши имконият эканини таъкидладилар.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси стратегик шериклик муносабатлари, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш борасидаги фикрларини билдирдилар.
Мулоқотда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Президентлар халқаро майдонда икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш ва мустаҳкамлаш борасида улкан салоҳият мавжудлиги, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга интилиши муштараклигини қайд этдилар.
Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида аввало қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Кейинги даврда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги интеграция жараёнлари ва шериклик алоқалар фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Қирғизистон Республикаси билан алоқалар ҳам янги мазмун билан бойиб бормоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасидаги борди-келдилар кенгаймоқда.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ва Сооранбай Жээнбеков мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги музокарада давом эттирдилар.
Унда асосий эътибор Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, илмий-техникавий, банк-молиявий, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.
Савдо-иқтисодий алоқалар ривожида Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия муҳим ўрин тутмоқда. Икки мамлакат Бош вазирлари мазкур комиссиянинг ҳамраислари этиб тайинлангани томонларнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга юксак эътиборидан далолат беради.
Кейинги пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичи суръат билан юксалмоқда. Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ўзаро савдо ҳажми 56 фоиздан зиёдга ўсиб, 235 миллион доллардан ошди.
Аммо, музокарада таъкидланганидек, бу кўрсаткич икки мамлакатнинг мавжуд имкониятларини тўлиқ акс эттирмайди. Икки томонлама товар айирбошлаш номенклатурасини диверсификация қилиш ва яқин йилларда унинг ҳажмини 500 миллион долларга етказиш борасида улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Ташқи савдо инфратузилмаси ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлаш механизмларини фаол ривожлантириш, биргаликда савдо уйлари очиш, бизнес-форумлар ва саноат маҳсулотларининг миллий кўргазмаларини ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Қирғизистон Президентининг расмий ташрифи доирасида ташкил этилган саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва ишбилармонларнинг музокараларида икки мамлакатдан кўплаб етакчи бизнес вакиллари иштирок этгани, унинг якунида 140 миллион долларлик шартномалар имзолангани савдо-иқтисодий муносабатлар жадал ривожланиш палласига кирганини намоён қилади.
Иқтисодий ҳамкорлик ҳақида сўз борар экан, Қирғизистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги техникаси, енгил автомобиллари, автобуслари, махсус прицеплари ва маиший буюмларини биргаликда йиғишни ташкил қилиш лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда қурилиш материаллари ва тўқимачилик саноатида қўшма корхоналар тузиш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар бу лойиҳалар билан чекланмасдан, саноат кооперацияси соҳасида истиқболли йўналишларни биргаликда топишга келишиб олдилар.
Ишбилармонларнинг ташрифларини ташкил қилиш, ҳамкорликнинг барча соҳаларида қўшма тадбирлар ўтказиш, икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш орқали Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга бундан буён ҳам алоҳида эътибор берилади.
Қирғизистон томони Ўзбекистоннинг икки мамлакат Бош вазирлари раҳбарлигида Ҳокимлар ва чегарадош вилоятлар маъмуриятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи мажлисини ўтказиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади.
Президентлар қисқа муддатда жаҳон бозорларига чиқиш имконини берадиган транспорт ва транзит йўлакларни ривожлантириш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эгалигини қайд этдилар.
Давлат раҳбарлари “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўлининг қурилиши имкон қадар тезлаштириш минтақа мамлакатларининг туб манфаатларига хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Бу Марказий Осиёни жозибадорлигини ошириш ва унинг транзит салоҳиятини юзага чиқариш имконини беради
2017 йил 30 октябрь-3 ноябрь кунлари “Андижон-Ўш-Иркиштом-Қошғар” йўналиши бўйича ўтказилган тажрибавий автопойгага юксак баҳо берилди.
У минтақадаги транспорт йўналишларини диверсификация қилишда яна бир муҳим омил бўлди.
Ўзбекистон билан ҚИрғизистон ўртасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бу масалаларни конструктив тарзда ечиш учун Қўшма икки томонлама сув хўжалиги комиссиясини тузиш ва яқин вақт ичида унинг мажлисини ўтказишга келишиб олинди.
Гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинар экан, Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг урф-одатлари, маданияти, қадриятлари муштараклиги таъкидланди. Бизнинг тилимиз, динимиз, тарих ва меросимиз бир. Бу жиҳатлар маданий-гуманитар алоқалар ривожида муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистонда қирғиз тили ва маданияти, Қирғизистонда ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Бунинг натижаси ўлароқ, жорий йилда Қирғизистон театр ижодкорлари Фарғона водийсида, ўзбекистонлик санъаткорлар Ўш, Ўзган, Аравон, Новқат, Қорасув, Жалолобод шаҳарларида ижодий сафарда бўлди.
Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди.
Давлат раҳбарларининг келишувига биноан келаси йил Ўзбекистонда халқларимиз интиқиб кутган Қирғизистон маданият кунлари бўлиб ўтади. Шу билан бирга, 2018 йилда икки халқ Қирғизистоннинг атоқли адиби Чингиз Айтматов юбилейини кенг нишонлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб сайти хабарига кўра, шу муносабат билан Қирғизистон Республикаси Президенти давлат раҳбарига Ўзбекистон Миллий университетида забардаст қирғиз ўғлони Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган доимий кўргазма ташкил қилиш тўғрисида қарор қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Алмазбек Атамбоев Қирғизистон Республикаси Президенти сифатидаги сўнгги ҳужжатларидан бири, айнан Шавкат Мирзиёевни икки мамлакатнинг “стратегик - шериклигини ўрнатишга улкан ҳисса қўшгани учун” Қирғизистоннинг юксак давлат мукофоти — “Данакер” ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги Фармони эди.
Кеча, 13 декабрь куни бу орден Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков томонидан тантанали равишда Шавкат Мирзиёевга топширилди. Бу ўзаро ҳурмат ва ишончнинг амалдаги ифодасидир. Бундай муносабатларнинг ривожланишидан энг катта фойда кўрадиганлар, бу – ҳар икки давлатнинг халқидир.
Ўзбекистонга қилгар ташрифи давомида бугун, 14 декабрь куни Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов билан учрашди. Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи чоғида имзоланган Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум бу соҳадаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Сооронбай Жээнбеков жорий йил мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар тарихида туб бурилиш даври бўлгани, алоқаларнинг бугунги даражасини сақлаб қолиш ва изчил давом эттириш муҳимлигини қайд этди. Тобора ривожланиб бораётган ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро ташрифлар ўтказиш, қонунчиликдаги янгиликлардан бир-бирини хабардор қилиб бориш юзасидан фикр алмашилди.
2017 йилнинг 21 декабрда Қирғизистон Республикаси Жўқорғу Кенеши делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов билан ҳам учрашув ўтказди.
Шунингдек, бугун 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков 14 декабрь куни “Ўзэкспомарказ”да ташкил этилган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишдилар.
Кўргазмада мамлакат сўнгги йилларда иқтисодиёт соҳасида эришган ютуқлар, саноатнинг турли тармоқларида фаолият юритаётган компаниялар маҳсулотлари, илмий-ишлаб чиқариш марказларининг инновацион лойиҳа ва ишланмалари намойиш этилмоқда.
Президентлар мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришда бундай кўргазмалар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.
Қирғизистон Президенти мамлакатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга юқори баҳо берди.
Аввал хабар қилинганидек, ташрифнинг асосий тадбирлари 13 декабрь куни бўлиб ўтди.
Музокараларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациялари ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги ишларни якунига етказиш, янги ўтказиш пунктлари очиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди, қатор ҳужжатлар имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбековни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кузатиб қўйди.
Икки кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Қирғизистон Президентининг давлат ташрифи якунига етди.