...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фото: Шавкат Мирзиёев Кўксаройда Сооранбай Жээнбеков билан учрашди


18:00, 13.12.2017 Жамият
 3 972

Сооронбой Жээнбеков Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонга таклиф этгани учун миннатдорчилик билдириб, Қирғизистон халқи номидан чуқур ҳурмат ва эҳтиром изҳор этди.

Аввалроқ, бугун, 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков расмий ташриф билан Тошкентга келгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
 
Тошкентга ташриф қилган Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига борди.
 
Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйгани ҳақида маълумот берган эдик.
 
Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида пойтахтдаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди ва Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди.
 
Шундан сўнг, икки давлат раҳбарлари ўртасида учрашувлар бошланди. Дастлаб, Қирғизистон Республикаси Президентининг расмий ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтмоқда. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари тор доирада музокара бошладилар.




 

 
Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёев Сооронбой Жээнбековни Қирғизистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан яна бир бор самимий қутлаб, бугунги музокаралар икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.
 

 
Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, кўплаб масалаларда ҳамфикрлиги, ҳамкорликка муштарак интилиши туфайли Ўзбекистон билан Қирғизистон муносабатлари мустаҳкамланиб, ўзаро алоқалар фаоллашмоқда.
 
- Қирғизистон Президенти сифатида илк хорижий ташрифларингиздан бирини Ўзбекистон заминидан бошлаганингизни юқори баҳолаймиз, - деди Президенти Шавкат Мирзиёев. – Бу мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга садоқатингиз ифодаси деб қабул қиламиз.
 



 
Сооронбой Жээнбеков Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонга таклиф этгани учун миннатдорлик билдириб, Қирғизистон халқи номидан чуқур ҳурмат ва эҳтиром изҳор этди.
 
- Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини чинакам дўстлик, яхши қўшнилик ва шериклик чегарасига айлантирдингиз, - деди Қирғизистон Президенти.
Президентлар ушбу ташриф савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациялари ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги ишларни якунига етказиш, янги ўтказиш пунктлари очиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини муҳокама қилиш учун яхши имконият эканини таъкидладилар.
 
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси стратегик шериклик муносабатлари, дўстлик, яхши қўшнилик ва ишончни мустаҳкамлаш борасида ўз азму қарори таъкидладилар.
Мулоқотда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан батафсил фикр алмашилди.
 
Президентлар халқаро майдонда икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш ва мустаҳкамлаш борасида улкан салоҳият мавжудлиги, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга интилиши муштараклигини қайд этдилар.
 
Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида аввало қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Кейинги даврда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги интеграция жараёнлари ва шериклик алоқалар фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Қирғизистон Республикаси билан алоқалар ҳам янги мазмун билан бойиб бормоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасидаги борди-келдилар кенгаймоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти хабарига кўра, музокарада Президент Сооронбой Жээнбеков Қирғизистон Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини яна бир бор қайд этди.
Сиёвуш Тўрахўжаев

Теглар:Сооронбой Жээнбеков Шавкат Мирзиёев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар