Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан жойларда тадбирлар ўтказилмоқда.
Вазир Америка Қўшма Штатлари Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Памела Леора Спратлен, Франсия Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Виолен Бийет де Вилмор, Миср Араб Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Амани Ал-Итр, Хитой Халқ Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Цян Янг ва БМТ ваколатхонасининг раҳбари Ҳелена Фрейзер билан учрашди.
Байрамона ўтган учрашувда Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номидан мамлакатимиз ва чет элда кенг нишонланадиган Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини илиқ муборакбод этди ва уларга сиҳат-саломатлик, бахт ва ҳар томонлама омад тилади.
Шунингдек, уларнинг фаол, самарали ишлари ва Ўзбекистон билан АҚШ, Франсия, Миср, Хитой ҳамда БМТ ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирди.