Жаҳон чемпионатларида 9 ўйин ўтказиб рекорд қайд этган Равшан Эрматов ОЧЛ финал ўйинида ҳакамлик қилади.
Унга кўра, ҳал қилувчи баҳсда Япониянинг “Урава Ред Даймондс” жамоаси Саудия Арабистоннинг “Ал Ҳилол” жамоаси билан баҳс олиб боради.
Эътиборлиси шундаки, мазкур финал баҳсининг жавоб ўйинини ўзбекистонлик ФИФА ҳаками Равшан Эрматов бошқариб боради. Эрматовга финалда Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов каби ҳакамлар қанотларда ёрдам беришади.
Захира ҳаками сифатида Маъмур Саидқосимов ишласа, Валентин Коваленко ва Илгиз Танташевлар дарвоза ортидаги ҳакамлар вазифасини бажаришади.
Саудия Арабистонда ўтадиган илк финал учрашувини эса Адҳам Макҳамдеҳ бошчилигидаги иорданиялик ҳакамлар бошқариб боришади.
Маълумот учун, Осиё чемпионлар лигаси регламентига кўра финал ўйини уй-сафар тизимида ўтказилади.
18 ноябрь куни томонлар Ар-Риёдда тўқнаш келишса, орадан 7 кун ўтиб 25 ноябрь куни Япониядаги “Саитама 2002” стадиони такрорий финалга мезбонлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 ноябрь куни ўзбекистонлик Шерзод Қосимов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси 11 ноябрь куни Қатар ва Чехия терма жамоалари ўртасида Доҳада ўтказиладиган ўртоқлик ўйинини бошқариб бориши ҳақида хабар берган эдик.