...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фахрийлар хиёбони – 200 дан ортиқ буюклар мангу қўним топган маскан


13:29, 10.07.2018 Олам
 2 292

Фахрийлар хиёбонига ўзбек халқига ҳам яхши таниш бўлган, биз қўшиқларини севиб тинглайдиган, фильмлардаги ролларини телевизор қаршисидан кетмай томоша қиладиган таниқли санъаткорлар дафн этилган.

Озарбайжоннинг Баку шаҳрида Фахрийлар хиёбони бор. Бу ерда мамлакатнинг сиёсат, иқтисод, илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат, спорт соҳаларига катта ҳисса қўшган, умрини Ватан равнақига баҳш этган чин фидойилар мангу қўним топган. Озарбайжонга сафаримизнинг илк кунларида улар зиёратида бўлдик.


 
Бакунинг қоқ марказида – Парламент шоҳ кўчасида жойлашган Фахрийлар хиёбони 1948 йилнинг 27 августида ташкил  топган ва мамлакатнинг 200 дан ортиқ йирик намояндалари шу ерга дафн этилган. Ҳар бир қабр атрофи мармар тошлар билан ўралган, фаолиятига оид дизайн асосида ишлов берилган, ҳайкаллар, бюстлар ўрнатилган.
 
Хиёбонга ташрифни Озарбайжон Республикасининг учинчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ҳайдар Алиев қабрини зиёрат қилишдан бошладик. Унинг қабри бошига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирилди.






 
Ҳайдар Алиевнинг қабри ёнига унинг салобатли тасвири акс этган ҳайкал ўрнатилган. Ортида эса Озарбайжоннинг харитаси тасвирланган ҳайкалтарошлик намунаси бор. У дафн этилган жойдан сал нарироққа турмуш ўртоғи Зарифа Алиева 1985 йилда дафн этилган. Унинг қабри бошига ҳам Зарифа хонимнинг нафис ҳайкали ўрнатилган. Бу ҳайкаллар пойига ҳар куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев номидан гуллар қўйилиши анъанага айланган.






 
Фахрийлар хиёбонига ўзбек халқига ҳам яхши таниш бўлган, биз қўшиқларини севиб тинглайдиган, фильмлардаги ролларини телевизор қаршисидан кетмай томоша қиладиган таниқли санъаткорлар дафн этилган. Булардан бири “Қайнона” фильмидаги роли билан Ўзбекистонда ҳар бир хонадонга кириб борган Насиба Зейналовадир.
 
Устазода санъаткор, Озарбайжон халқ артисти, кино ва театр санъатининг йирик намояндаси Насиба Зейналова ижодий фаолияти давомида 30 дан ортиқ спектакллар ва 20 дан зиёд фильмларда роль ижро этди. 10 дан ортиқ мукофотлар билан тақдирланди. У бош ролни ижро этган “Қайнона” фильми эса Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия каби мамлакатларда катта шуҳрат қозонди.


 
Насиба Зейналованинг қабри бошига унинг ўйчан тасвири акс этган ҳайкали ўрнатилган. Актрисанинг бутун умри санъатда, театр саҳнасида ўтганини ифодалаш мақсадида ясалган театр пардаси тасвирланган ҳайкалтарошлик намунаси эса композицияни янада тўлдириб турибди.


 
Фахрийлар хиёбонида мангу қўним топган 200 дан ортиқ таниқли шахслар қаторида Ўзбекистонда ҳам катта шуҳрат қозонган опера ва эстрада хонандалари Булбул, Рашид Беҳбудов ва Муслим Магомаев ҳам бор. Улар қабри бошига ҳам салобатли ҳайкаллари ўрнатилган. Ҳар куни мухлислари, дўстлари, яқинлари келиб, зиёрат қилади. Қабрлар атрофини гуллар билан безайди. 




 
Инсон хотираси муқаддас. Уни доим ёд этмоқ, авлодларга намуна қилиб кўрсатмоқ, бу дунёда қилган эзгу ишларини доим эътироф этмоқ улар олдидаги қарз. Ҳаётда шундай инсорлар борки, улар ўзининг эзгу амаллари билан одамлар қалбига ҳайкалларини ўрнатиб кетадилар. Бу ҳайкални ўчириб ҳам, синдириб ҳам бўлмайди. Фахрийлар хиёбонида мангу қўним топганлар ҳам одамлар қалбига ўз ҳайкалини, сиймосини ўрнатиб кетган буюк шахслардир. 
Қамариддин Шайхов, Баку
Суратлар муаллифи Шерзод Икрамутдинов

Теглар:Фахрийлар хиёбони Озарбайжон Баку Ҳайдар Алиев Насиба Зейналова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!