...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фарғонадан Андижонга янги электропоезд қатнайди


16:46, 23.06.2017 Жамият
 2 578

Бир йўналишда 600 йўловчига хизмат кўрсатилади. Электропоездлар соатига 120 километр тезликда ҳаракатланади.

Тез кунда Фарғона-Марғилон-Қўқон ва Фарғона-Марғилон-Андижон йўналишларида электропоездлар қатнай бошлайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона механика заводига ташрифи чоғида шу ҳақда маълум қилинди, дейилади ЎзА хабарида.
 
Фарғона-Қўқон темир йўлининг узунлиги 69,2 километр, Фарғона-Андижон йўналишининг узунлиги 69,5 километрни ташкил этади. Вилоятда энг кўп йўловчилар оқими Қўқон шаҳрига, сўнгра Олтиариқ тумани, Марғилон ва Фарғона шаҳарларига тўғри келади.
 
Президент топшириғига кўра, вилоят марказида йўловчиларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш мақсадида электропоездлар қатнови йўлга қўйилмоқда. Электропоездларда арзон, қулай, экологик тоза, хавфсиз хизмат кўрсатилади.
 
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан ушбу йўналишлар учун 5 электропоезд модернизация қилинди. Натижада транспорт воситаларининг ташқи ва ички қиёфаси бутунлай ўзгарган. Вагонларга кондиционер ўрнатилган, ўриндиқлар замонавийсига алмаштирилган.
 
Ҳар бир поезд 6 вагондан иборат. Бир йўналишда 600 йўловчига хизмат кўрсатилади. Электропоездлар соатига 120 километр тезликда ҳаракатланади.
 
Жорий йил охиригача Фарғонадан Марғилонгача бўлган 7,7 километр темир йўлни электрлаштириш ишлари якунланади. Хориждан яна 10 электропоезд олиб келиш режалаштирилган.
 
Шавкат Мирзиёев мазкур электропоездлар қатновининг йўлга қўйилиши вилоят аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
 
“Илгари Фарғонада электропоезд қатнайди деса, биров ишонмасди. Энди Қўқондан Андижонга бир соатда етиб бориш мумкин. Бу ҳам халқимизнинг узоғини яқин қилиш, одамлар манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг мевасидир”, деди Шавкат Мирзиёев.
 
Мазкур ишларни изчил давом эттириш, Фарғона шаҳар вокзали биноси қурилишини ниҳоясига етказиш, электропоездларда йўловчиларга сервис хизмати кўрсатишни такомиллаштириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Бобур Жалолов

Теглар:Шавкат Мирзиёев Фарғона МикроГЭС 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар