...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фарғона вилояти ҳокимига оқловчи ҳам топилди: яна айб халқда!


13:51, 26.01.2018 Жамият
 15 585

Ҳоким Ҳажга боргунча, одамларга ёрдам қил демоқчи ҳам бўлгандир. Лекин нега ўзимиз нима қиляпмиз, деган саволни ўртага ташламаган? Нега бошқа мамлакатларга ноқонуний йўллар билан чиқиб кетаётганларга йўл очиб бераётганларнинг танобини тортмаган?

Бироз аввал, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоят расмийлари билан ўтказган йиғилишида Тошлоқ туманидагиларни лаънатлагани, тумандан ҳеч кимни Ҳаж сафарига жўнатмаслиги ҳақида овозли ёзув тарқалгани ҳақида хабар берган эдик. Вилоят ҳокимлиги сайти мазкур овозли ёзувга нисбатан мурожаатнома эълон қилинди.
 
Фарғона вилоят ҳокимлиги Ахборот-таҳлил гуруҳининг етакчи мутахассиси-матбуот котиби Абдулазизхон  Абдасов ҳокимга адвокатлик қилиб, унинг сўзлари кимларга қаратилганини, “падарингга лаънат”, “ҳаромилар”, деб кимга мурожаат қилганини изоҳлади.
 
“Ижтимоий тармоқлардаги Фарғона вилояти ҳокими тўғрисидаги шов-шувларни ва унга таниқли журналистларнинг ҳам қимматли вақтларини сарфлаб имло хатоларига ҳам эътибор бермай,  ёзганларини ўқиб,  ўзбек халқининг севимли асари “Ўтган кунлар”даги ҳолат ёдимга тушди: Отабек ўз отаси Юсуфбек хожини билиб-билмай айблагандаги сўзларига берган жавоби: “Ҳар нарсага етган ақлинг шунга қолганда оқсайдур.  Нега ёнған юрагимга сен ҳам заҳар сочасан...”
 
Мен бу фикрларни аввало вилоятнинг оддий фуқароси ва  фикрларимни ўқиб бўлиб, охирида бунга кўнмайдиганлар учун  эса вилоят ҳокимлигининг матбуот котиби сифатида ҳам билдирмоқдаман”, деб гап бошлайди вилоят ҳокимлиги матбуот котиби.
 
Мурожаатнома аввалида ҳокимликнинг расмий вакили Ақтўбе воқеаларига эътибор қаратиб, жанозаларни ўтказишдаги саъй-ҳаракатларга тўхталган.
 
“...2018 йил 18 январь кунги Қозоғистон Республикасининг Ақтўбе вилоятидаги фожиа бутун халқимизни, мусулмонларни, барча дўстларни, кўпчиликни каттиқ қайғуга солди. Оддий инсондан тортиб мутасадди раҳбарларгача,  фожиадан хабардор бўлган ҳар бир одам ўз дунёқараши билан, таъбир жоиз бўлса илми билан унга ўз муносабатини билдирди, ўзига яраша хулосалар чиқара бошлади.
 
Бу воқеанинг юз беришига оид турли сабаблар ҳақида ҳам ҳаммада турли хил фикрлар бўлди. Аксариятимиз албатта, тақдири илоҳий деган муқаддас эътиқодимизга таяниб тасаллини шундан топдик. Зеро, ҳеч бир Аллоҳнинг синови беҳикмат эмаслигига ҳақиқий мусулмонларнинг иймонлари комил.
 
23 январь, сешанба куни тонгда Наманган халқаро аеропортига Ақтўбеда ҳалок бўлганларнинг тобути ортилган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги самолёти келиб қўнди. Самолётда фожиа қурбони бўлган 31 нафари Наманган, 16 нафари Фарғона ва 2 нафари Андижон вилояти фуқароларининг жасадлари келтирилди.  Аэропортда уч вилоят ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари ҳозир бўлди. У ердан нари тобутлар вилоятларга олиб кетилди. Шу куни жаноза намозлари ўқилди...
 
Юқорида ҳамма ўзига яраша хулосалар чиқара бошлади дедик. Лекин хулоса чиқариб ҳамма ҳам ўзини тўғри ислоҳ қилишни бошладими? Айтайлик, кимдир оддий мўъмин банда сифатида баъзи маъсиятларига астойдил тавба қилиб бир кун келиб ҳаётдан кўз юмишини ва бу маъсиятларига жавоб беришини ўйлаб, буни қайтармасликка аҳд қилдими? Ёки масъул раҳбар бўладими, мутахассисми, ўқитувчими, иқтисодчими, ҳар бир давлат хизматчиси давлатимиз раҳбарига ўхшаб ўзини айбдор ҳис қила олдими, айбдор ҳис қилган бўлса ҳам бирон бир ўзгариш қилишга, қатъий бир қарор қабул қилиб, бирон бир иш қилишга киришдими? “Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт” деган қоидани ўзига тўғри қабул қилдими? Ҳамманинг бунга берадиган жавоби аввало ўз виждонига ҳавола”, дейди Абдулазизхон  Абдасов.
 
Таҳририят: Қизиқ, агар вилоят ҳокими “Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт” деган қоидани ходимларини ҳақоратлаш, одамларнинг Ҳажга боришига тўсиқ бўлиш деб тушунган бўлса, бунинг ўзи катта мусибат.
 
“Мен бир нарсани аниқ айта оламанки,  Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев тошлоқлик ушбу фожиа қурбонларига ўз фарзандига, ўз жигарига куйгандек қаттик аламда, ўзини ҳам айбдор ҳис қилаётгани аниқ!
 
Шу билан бирга йиғилишда айтган ҳамма фикрлари асло халқини менсимаслик, Тошлоқ аҳлини ёмон кўриш ҳам эмас. Мутлақо аксинча, нима қилиб бўлса ҳам шундай ҳолат, шунга ўхшаш ҳолат яна такрорланмаслиги учун ҳаммани ҳушёр бўлишга чақириш, масъулиятни энг катта даражага ошириш, ўзини ҳам аяб ўтирмай жон куйдираётгани бу! Кўпхотинлик қилаётган, хотинларини қўйвориб, болаларни тирик етим қилиб, алиментини тўламаётганларни, ёки бўлмаса, ички ишлар ҳодимларини ноҳақ бўла туриб, тошбўрон қилганларни қайси бирининг ҳаққига ким илиқ гап айта олади ўзи!!!  Бу ерликларнинг Ҳажга боришни тақиқлаётгани сабаби ортида нима мақсад борлигини, “ундан кўра четга чиқиб кетишга мажбур бўлаётган муҳтожларга бер шу пулингни” демоқчи бўляпти  деб тушуниб етганлар ҳам борми ўзи?”
 
Таҳририят: Эҳ, журналистларда, ОАВ ходимларида айтилгани қолиб, айтилмаган гапни фикрдан ўқиш қобилияти бўлмаса нима қилсин, жаноб Абдасов. Майли, сиз айтганчалик бўлсин. Ҳоким Ҳажга боргунча, одамларга ёрдам қил демоқчи ҳам бўлгандир. Лекин нега ўзимиз нима қиляпмиз, деган саволни ўртага ташламаган? Нега бошқа мамлакатларга ноқонуний йўллар билан чиқиб кетаётганларга йўл очиб бераётганларнинг танобини тортмаган? Хўш, нега яна халқни айблаган?
 
“Кўпам хайрли ниятда бўлмаган, яширинча кўчириб олинган аудиоёзувни эшитиб олиб, ислом динимизда ҳам аксарият ҳолларда алоҳида шахсларга, алоҳида ҳолатлардан келиб чиқиб ҳукм чиқаришга тўғри келадиган масала бўлиши мумкинлигини ҳам эҳтимолини олиб отирмай   нима қилишини билмай ўтирган биз қалами ўткирлар гурсиллатиб тошбўронни бошлаб юбормасдан,  танганинг иккинчи томонини ҳам ҳисобга олсак, сал инсоф қилсак бўлар эди.
 
Вилоят ҳокими аччиқ сўзлар деб ҳақиқатан ҳам бутун Тошлоқ аҳлини айтаётганига ишончингиз комилми ўзи? Наҳотки инсон бутун бошли ватандошларини шунчалик ёмон кўриб, ўзининг бутун халқини ҳақорат қилиши мумкин деб ўйлаймиз...
 
Йўқ. Бу ерда гап фақат ва фақат ўз вазифасига нолойиқ, ўз бурчини талаб қилинаётган даражада бажармай, эгаллаб турган  мансабини, олаётган маошини оқлай олмаётганлар ҳақида, эгасини топиб олиши лозим бўлган, айрим маънавияти бузуқлар ҳақида кетаётганини ичимизда кўпчилигимиз билиб ҳам турибмиз...”, дея давом этади вилоятнинг ҳокимини оқлашга бел боғлаган матбуот котиби.
 
“Яна бир фикр ҳам бор:  аслида ким кафолат бера олади мақола ёзаётган муаллифларнинг фикри тиниқлигигаю  кўриб, гаплашиб кўрмаган одами ҳақидаги чиқараётган хулосаси адолатлигигаю,  ёки “фурсати кеб қолди,  қандингни уриб қол” деб, халқни бир “европача”илғорликка чорлаб, гиж-гижламоқчи эмаслигига?”
 
Таҳририят: Бу европача илғорлик бўлса, миллий илғорлик ҳаромидан олиб, ҳаромига солишми?
 
“Ёки бўлмаса шу кунгача вилоят ҳокимлигидаги олиб борилаётган бунёдкорлик, ривожланиш масалалари, юзлаб катта тадбирлар, амалий ишлар тўғрисида бирон марта маълумот сўраб қизиқмаган, лекин бир ўзига ёқадиган гапни эшитиб қолиб, идоранинг исталган бўлимларига тинимсиз қўнғироқлар қилиб, “холисона” ахборот тарқатувчи марказларнинг кўриниб турган айёрона бераётган саволлари, ҳаракатларидан ҳам хулоса чиқариб, мавзуга чуқурлашишни тўхталсак бўлар?”
 
Таҳририят: Қилаётган бўлсангиз фуқаролик позициянгиз ва эгаллаб турган мансабингиздан келиб чиқиб қиляпсиз. Ютуқлар ўзимизники, камчиликларга эса ечим топиш вақти келмадими? Қачонгача муаммоларга панжа ортидан қараб, бир-биримизни ҳаспўшлашимиз керак, жаноб?
 
“Яна бир гап.  Ҳамма мақола ўқиб,  янгиликлардан хабардор бўлиб, интернетда ўзининг чиройли муносабатини билдириб ўтиргани билан ҳаёт яхшиланиб қолмаслигиниям тан олиш керак, менимча. Амалда нима иш қилиш керак ўзи? Ҳамма ўзи билганича иш қилаверсинми ёки кимдир қаттиқроқ тегиб, ҳали нима бўлганини ҳис қилиб улгурмаган масъулларни кўзини очиб қўйиши ҳам керакдир балки...”
 
Таҳририят: ОАВнинг вазифаси ҳам шу эмасми аслида? Ё Президентнинг ОАВларга қўйган талабидан хабарингиз йўқми?
 
“Раҳбар ҳам оддий бир инсон.  Аламда қолган ҳар қандай инсон сингари у ҳам қизишиб аламини кимдандир олгиси келади ёки ўзидан ташқари ҳам айбдор деб билган одамига тушунтириб қўймоқчи бўлиши ҳам мумкин.  Лекин фурсат ўтиб алам устида айтилган гапларни бир четга суриб, ҳар бир ишни ўз қонун-қоидаларига кўра амалга ошириш кераклигини ҳам тан олади. 
 
Сўнгги фикр. Мамлакат раҳбари ҳам узоқ вақтдан буён айримларга қилаётган ишлари ёқмаса ҳам, лекин белгиланган вазифаларни бор куч-имконияти, бутун вужуди билан бажариб, сидқидилдан, ўзини аямай ишлаётган, кўпчилик ҳам билавермайдиган қийинчиликларни бошидан кечириб, вилоят эришаётган ютуқларга сабаб бўлаётган айнан шу инсон билан шунча вақтдан бери бирга ишлаб, мазкур вазифада меҳнат қилишига ҳайрихоҳ бўлиб келаётгани беҳикмат эмаслиги ҳақида ҳам ўйлаб кўрсак ёмон бўлмасди...
 
Зеро,  Садриддин Салим Бухорий айтганларидек,
                   Иллат излаганга иллатдир дунё,
                   Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.
                   Ким нени изласа,  топгай бегумон,
                   Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё”, деб оқловни якунлайди вилоят ҳокимлигининг матбуот котиби.
 
Таҳририят: Шу ўринда савол туғилади: холислик ҳақида сўз очган матбуот котибининг ўзи вазиятга нисбатан холис ёндаша олдими? У қайси гапида ҳокимлик ва ҳокимга ашъор ўқимади, қайси жумласида халқ томонга эгилди? Оқлови аввалида ОАВ ходимларини саводсизликда айблаб, хатоларини юзига солган матбуот котибининг ёзган мурожаатномасидан қанча хато топиб берсак экан...
 
Масала шундаки, гап бу ерда кимнидир қоралаш ёки керагидан ортиқ мақташ, ўз вазифасини бажараётгани учун олқишлаш ҳақида кетмаяпти. ОАВнинг истаги, ҳокимлар халқ билан мулоқотда унинг айни вақтдаги кайфиятини инобатга олсин. Зотан, ҳеч бир ота-она жигарбандини остонада кузатаётиб, болам чет элга кетиб, уйимга ўлига келсин, ҳоким буларнинг ортидан бутун тумандагиларнинг Ҳажга боришини тақиқласин, деб фотиҳа бермаган. 80 миллионга келсак, 800 миллион сарфламайсизми, жаноб ҳоким, кетганларни қайтаролмайсиз!

Теглар:Фарғона вилояти ҳокимияти Шуҳрат Ғаниев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар