Эркаклар ҳаддан зиёд очиқ-сочиқ кийинган, танасининг айрим аъзоларини кўриниб-билиниб турадиган аёлларни хуш кўрмайдилар...
Масаланинг туб моҳияти бориб-бориб оила, оилавий муносабатлар, эркак-аёл муносабатлари, жинсий тарбия, жинсий маданият ва миллий одоб мактабига бориб тақалиши ҳақида мулоҳаза юритдик.
Демак, муаммонинг ечимида биринчи рақамли эътибордаги масала — бу ОИЛАДАГИ ТАРБИЯ масаласи.
Тарбия — бу фақат тақиқлов орқали мумкин бўлган нарсаларни “фарқлаш” эмас! Тарбия — тушунарли изоҳ, ҳаётий исбот, илмий-маданий асос, тажрибага таянган билим-тафаккур талаб этади.
Аниқроғи, биргина “аҳлоқсизликни чеклаш” орқали одоб-аҳлоқдан дарс беришга ҳақли эмасмиз. Шу ўринда устоз Тоҳир Малик томонидан адабиётга ҳам, одоб илмига ҳам киритилган ўлмас атамани эсламасликнинг иложи йўқ. Мазкур атама — “маънавий ҳуқуқ” деб аталади...
Демакки, ўз маънавий қиёфаси билан бошқаларга ўрнак бўла олган кишининг аҳлоқ хусусида, кенг маънода, “дарс бериши” самарали восита. Бу “дарслар” йиғиндиси катта “МАКТАБ” бўлмоғи лозим ва бундай қадрият юртимизда мавжуд.
Олиб борилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар ўз самарасини бериб бормоқда. Диний таълимотнинг юксалиши ҳам жамиятда мавжуд иллатларга қарши курашмоқда. Бироқ барибир ташқи хавф таъсирига қарши турадиган “кучли иммунитет” ҳосил бўлиши учун анча тер тўкиш лозим.
Камина бировга ақл ўргатадиган “ёшда” ҳам, “бошда” ҳам эмасман. Бироқ мавзуни бошладим, демак, ўз фикри ожизимча, унинг айрим жиҳатлари билан ўртоқлашмасам бўлмас... Мулоҳазалар замирида, эътибор беринг, дунё психологларининг айрим таъкидлари жой олган.
Чуқурроқ ўйлаб қарасак, Яратганнинг икки тоифа бандаларида нафақат жинс фарқлиги, балки уларнинг табиати, хоҳиш-истаклари, эҳтиёжлари, руҳий ва жисмоний мутаносиблик даражаси билан ҳам бирмунча фарқланадилар.
Шунинг учун бўлса керак, оилада оила бошлиғи — эркакнинг ўрни бошқа, оила бекаси — аёлнинг ўрни бошқа, қайсидир маънода вазифа-мажбуриятлари ҳам тақсимланган.
Ким нима истайди..?
Шундай бўлишига қарамай, эркак ва аёл ҳақида гап кетганда, аниқроғи уларнинг ўзаро муносабатлари тўғрисида мулоҳаза юритилганда “Аёл нима истайди?” ёки “Эркакка нима керак?” каби жўн саволлар пайдо бўлади.
Аввало, бу табиий ҳол. Эркак ва аёл шундай ҳилқатларки, ҳанузгача тўлиқ ўрганилмаган, кашф қилинмаган қирралари бисёр...
Қисқаси, бугунги мулоҳазалар жинсдошларимга, яъни эркакларга аталган бўлиб, кучли жинс вакилларининг тилсим эшикларини очишга (тан олишга) ҳаракат қиламиз.
Бу билан “қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” қабилида ҳурматли аёлларимизга ҳам айтадиган айрим фикрларимиз йўқ эмас.
Маълум бўлишича, эркакларнинг истаги унинг кайфияти (руҳий ҳолати), саломатлиги (жисмоний ҳолати) ва ижтимоий (маънавий ҳамда иқтисодий) ҳолатига боғлиқ экан.
Кучли жинс вакиллари бўлишига қарамай эркаклар тезда руҳан синувчи, тушкунликка мойил, биргина жаҳл отига миниб йиллар давомида қурган қўрғонини битта гап билан бузиб юборувчи “қобилиятга” эга бўладилар.
Уларнинг руҳий олами доимий эътибор, меҳр-муҳаббат, доно маслаҳату қилган ишларига рағбат сифатида мақтов эшитишга муҳтож!
Бироқ шундай эркаклар ҳам бўларканки, улар аёлларнинг эътибори-ю меҳрибонлигига муҳтожлик сезмасдан (жинсий эҳтиёждан ташқари) умрбод яшай оларкан, ҳатто ёлғиз яшаш ҳам улар учун фожиа ҳисобланмас экан. Бундай, халқ тили билан айтганда, “тарки дунё” қилган айрим кишиларни учратиш қийин эмас.
Аммо улар жуда камчилик. Кўпчилик эркаклар аёлларнинг меҳр-муҳаббатидан қувват олиб яшайдилар. Аниқроқ қилиб айтганда, эркак ва аёл бир-бирига ҳам жисмоний, ҳам маънавий боғлиқ қилиб яратилган.
Икки жинс вакилини бир-бирини жисмоний қониқтирмаслиги — уларнинг соғлилига, руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади.
Мабодо бир-бирининг маънавий дунёсини тўлдириш, такомиллаштиришдек вазифа адо этилмаса, иккисининг уюшмасига путур етиши турган гап. Севишиб-синашиб (ёки бир-бирини яхши билмасдан) турмуш қурган ёшларнинг оилавий ҳаётда “қоқилишларига” асосий сабаблардан бири шу — бир-бирининг маънавий дунёсини тўлдира олмаслик.
Оддийроқ қилиб айтсак, жинсий ҳаёт эҳтиёжи (ва ундан тўлақонли қониқиш ҳосил қилиш) уларни маънан яқинлаштириб, маънан яқинлик — уларни жисман бирлаштиради, натижа — ўзаро тузилган уюшмани (оилани) мустаҳкамлайди!
Эркакларга аёлларнинг...
Психологларнинг фикрича, биринчи навбатда эркаклар аёлларнинг юзига қараб баҳо беради. Деярли барча кучли жинс вакиллари аёлларнинг сиймосини — унинг юз тузилишига қараб “яратади”. Худди ўша “чеҳра” эркакларнинг аёллардан “юз ўгириши”га ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Гап навбати қад-қоматга келганда бироз эҳтиётроқ бўлган маъқул, негаки турли эркакларга турли қад-қоматли аёллар ёқади. Бировга орриқ, айримларга тўлароқ, кимгадир узун, кимга калтароқ дегандай...
Евпоралик психологларнинг фикрича, эркаклар аёллар қоматининг мутаносиблик даражасига эътибор беришаркан. Бироқ шунга қарамай 50% эркаклар учун қоматнинг қанақалиги муҳим эмас. Муҳими, кўз очиб кўрган аёлининг маънавий дунёси! Турмуш ўртоғи ва оиласига бўлган муносабати!
Аёлларнинг сочи, соч турмаги, маъноли боқишлари, терисининг ранги, кўкраклари, буксалари ва қадам ташлаши ва ҳоказо “хусусиятлари” уларга нисабатан “тобелик” таассуротларини уйғотар экан.
Бироқ айнан шу таассурот биргина “майда белги” билан чиппакка чиқиши мумкин. Масалан, узун тиғсифат тирноқларга ялтироқ, беўхшов бўёқ суртилган бўлса, мафтункор чеҳра ва ёқимли табассумни қийшиқ, парвариш қилинмаган ва “қора доғ” емирган тишлар “бузиб” қўйса, кўринишидан гўзал, хушбичим аёл кутилмаганда оғзини ланг очиб хохолаб кулиб юборса, ёки қадрият, тарбия ҳақида ваъз ўқиган аёл спиртли ичимликлар ичиб, сигарета чекса ва ҳоказо...
Тана қомати ва ёшга муносиб равишда кийим-кечак танлашда ҳам гап кўп. Эркаклар ҳаддан зиёд очиқ-сочиқ кийинган, танасининг айрим аъзоларини кўриниб-билиниб турадиган аёлларни хуш кўрмайдилар...
Бундайларни хуш кўрувчи эркакларга аёлларнинг меҳр-муҳаббати эмас, жисмоний эҳтиёжини қондириш муҳимроқ. Мақсадга “етилгач”, кўзига энг чиройли бўлиб кўринган аёл ҳам дунёдаги энг хунук аёлга “айланиши” ҳеч гап эмас.
Бундай ҳолатлар кўпинча зино устига қурилган муносабатларга хос ва бу кишиларни залолатга етаклайди!
Хиёнат ва зино аралашган оиладан файз-барака қочади!
Бундай оилада вояга етган фарзандлар кейин худди ота-онаси йиқилган “кўлмаклар” олдидан ўтади. Ё уларни айланиб ўтади ёки юқорида шаъма қилинган кимсалар каби “шалаббо” бўлишади...
Хўш, иллатларга барҳам берувчи — тарбия бўлса, тарбия учун — оилавий муҳит яхши бўлиши талаб этилса, оила мустақкамлиги учун нима керак, дерсиз...
Жавоб бор... БАХТ КЕРАК! ОИЛАВИЙ БАХТ!..
Келинг, бу ҳақда туркумнинг келгуси мақолаларида ўртоқлашамиз...
Бизни кузатишда давом этинг!