Жимжимадор безакларни хуш кўрувчи айрим эркакларда аёлларга хос “юмшоқлик” ҳам учраши мумкин. Бундай эркаклар парфюмериядан узлуксиз фойдаланадилар, ҳар куни турлича кийимда кўчага чиқишни ёқтиради.
Энди мавзуни эркакларнинг кийиниш маданияти ва турмуш тарзидаги бошқа белги-хусусиятларига қараб уларнинг “ички оламини” кашф этиш хусусидаги тавсияларимиз билан давом эттирамиз.
Пойабзал
Психолог тадқиқотчиларнинг фикрича, эркак кишининг оёқ кийими ва қалб ҳароратида уйғунлик (ўхшашлик) бор экан. Бу гапга кўпчиликнинг энсаси қотиши турган гап. Тўғри-да, қалб ҳарорати-ю эҳтироснинг пойабзалга нима даҳли бор?!
Буни қарангки, даҳли бор экан...
I. Учи ўткир пойабзал кийишни хуш кўрадиган эркаклар, руҳшуносларнинг таъкидлашича, аёллар қалбини бир уринишда забт этадиган хусусиятга эгалар. Улар муҳаббат бобида фақат ғалабага эришишни истайди ва кўпинча бунга эришадилар ҳам. Меҳнат фаолиятида бундай кишилар ўта чоқонлик ва эпчиллик билан иш кўрувчи ходимларга айланадилар. Оилада эса бирмунча акси, бундай эркакларнинг оиладаги тартиб-интизомда ҳар доим ҳам кўнгли тўлавермайди. Гоҳида чўрткесар ва ўта қайсар, гоҳида эса ўта мижғов ва майдагап. Дарвоқе, учи ўткир пойабзал киядиган эркаклар меҳнат фаолиятида етакчиликка интилаверадилар, бироқ мансабга ўчроқлиги туфайли гоҳида панд ейди ҳам...
II. Учи тумтоқ пойабзал киядиган эркаклар муҳаббат бобида анчайин “хотиржам” ҳаракат қиладиганлар хилидан. Бироқ улар вафодор, висол онларини унутилмас даражага олиб чиқа оладиган романтик эркаклардир. Бундай кишилар меҳнат фаолиятида ажойиб ижрочи! Берилган вазифа ўз вақтида, айнан керагидай қилиб бажарилади. Бундай кишилардан чиққан раҳбарлар узоқ йиллар давомида ўз вазифаларини адо этишлари мумкин. Оилада улар гоҳида босиқ, ҳадеб асабига тегаверсангиз, айрим ҳолларда жаҳл билан энг қўпол сўз ва хатти-ҳаракатларни ишлатиши ҳеч гап эмас.
III. Пойабзалга дизайн жиҳатидан турли хил безаклар берилганини хуш кўрувчилар эса муҳаббат бобида ҳам бироз номутаносиброқ кишилардир. Гоҳида муҳаббат эҳтиросдан оламга жар солгиси келса, гоҳида хатти-ҳаракатларида совуққонлик аломатлари сезилади. Қўйиб берса аёлларни пайпоқ каби алмаштириб турсалар...
Меҳнат фаолиятида бундай кишилар ўта айёр ходимлар бўлиб чиқиши мумкин. Оилада эса... Пойабзалида жимжимадор безакларни хуш кўрувчи айрим эркакларда аёлларга хос “юмшоқлик” ҳам учраши мумкин. Бундай эркаклар парфюмериядан узлуксиз фойдаланадилар, ҳар куни турлича кийимда кўчага чиқишни ёқтиради. Бироқ улар оилада ёки ўта содиқ турмуш ўртоқ, ёки бир умр ўз идеалидаги аёлни қидириб ўтадиган “нотурғун” киши.
IV. Пойабзали ифлос эркаклар — аввало ўзи дидсиз, сўнг аёли ораста, оқила бўлмаган “шўрпешона”лардир. Уларни бир сўз билан — хотинга ёлчимаган эркак, деб аташ мумкин. У нафақат ифлос пойабзал, балки ёқа ва енги кир бўлган кўйлак кийишдан ҳам тортинмайди.
Меҳнат фаолиятида ҳам бундай кишилар доим “туртилиб” ўтиладиганлар тоифасидан. Гоҳида бундай ходимнинг ишга келмай қолганини ҳатто ёнма-ён ўтирадиган ҳамкасби ҳам сезмаслиги мумкин. Бундай аломатларга эга эркакларнинг оиладаги мавқейи яхши сўзлар билан тилга олинавермайди.
Тақинчоқлар
Аёл кишининг тақинчоқлари унинг “ўзгача” бўлиши учун хизмат қилса, эркакларники эса унинг табиати ҳақида дарак беради.
I. Тақинчоқларни ҳаддан зиёд кўп тақадиган эркаклар ўз ҳусни-ю қад-қоматидан ортиқроқ кўринишни истаган кишилар бўлиб чиқиши аниқ. Ёки бу тақинчоқлар — унинг фақирона ҳаётдан бирдан шоҳонага ўтганлигидан далолат беради. Бундай эркаклар аёлларга ақл-фаросати, одиллиги, одоби билан эмас, дабдабаси билан ёқишга ҳаракат қилади.
II. Соат, бир дона узук ва айрим ҳолларда бежирим тиллазанжир билан кифояланадиган кишиларни — саёҳатни, маишату ўйин-кулгуни хуш ёқтирадиган эркаклар деб аташ мумкин. Улар муҳаббат боғида ҳам ўта ўзгарувчан. Таъбир жоиз бўлса, гулни бир ҳидлагунча, дарров бошқасини тусаб қолиши ҳеч гап эмас...
III. Тақинчоқларни умуман тақмайдиган эркак — ўзига ишонган киши! Унинг танаси ёт жисмларни хушламайди, чунки у ўзига керакли барча нарсаларни онгида жамлаб олган. Муҳаббат бобида ҳам у тенгсиз вафодор, фақат у сўраб турган нарсаларни муҳаё қилиб турсангиз бас.
Автомобиль
Психоанализ асосчиси Зигмунд Фрейднинг фикрича, эркакнинг автомобили — онасининг қорнидаги илк уйи каби. Шундан келиб чиқиб қараганда, унинг “илк уйи” қандайлигига қараб унинг ички ва ташқи олами ҳақида тахминий фикрлар юритиш жоиз.
Тўғри, бир томондан автомобиль ҳар доим ҳам дидга таяниб танланавермайди. Биринчи гапни, ҳар доим, “чўнтак” айтади. Ундан кейин улов танланаётганда унинг қандай мақсадда харид қилинаётгани, бошқарувга осонлиги, эҳтиёт қисмларининг тез топилиши ва ниҳоят тежамкорлиги ҳам ҳисобга олинмасдан илож йўқ. Шундай бўлсада, барибир кишининг диди, ҳоҳиши ҳам ушбу танловда “ўз овозига” эга.
I. Машина қанчалик катта ва салони кенг бўлса, унинг соҳиби ҳаётда, жамоада шунчалик катта ва кенг ўрин эгаллашга интилади. У тор автомобилда ўзини михнинг устида ўтиргандек ҳис этади. Негаки у ҳаётда ҳам майда-чуйда гап-сўзлардан йироқ, дангаллик тарафдори. Бундай кишилар ўз автомобилининг техник ҳолатига жиддий эътибор беравермайди.
II. Спорт русумли автомобилларга хос уловлар эгаси эса шиддаткорлик соҳиби. Унинг ҳар бир ишида тезкорлик, чаққонлик, ташаббускорлик руҳияти биринчи ўринда. Муҳаббат бобида ҳам улар ўта чаққон, демакки, бирдан бир нечтасини “севиб” юриши мумкин. У деярли мансабга интилмайди, керак-нокерак нарсалар устида тортишиб ҳам юрмайди. У учун бошлиқнинг ишонган ўнг қўли бўлишнинг ўзи кифоя. Спорт русумидаги тезкор автомобилларни хуш кўрувчилар уловининг техник ҳолатини тез-тез назорат қилиб туришади. Улар ҳатто ўзининг соғлиғидан ҳам автомобилининг “соғлиғидан” хавотирда бўлишади.
III. Кичик автомобиль эгалари камсуқум, камтарин, тежамкор кишилардир. Улар ўзларини кўз-кўз қилишни ёқтирмайдилар. Бироқ ишини пухта қилиб, ўзини ошкора равишда майдонда синаётган баъзи “рақиблари”дан ўзиб кетиши ҳеч гап эмас. Индамасдан қўрқ, деб айнан уларга айтилади.
Юқоридаги маълумотлар билан танишиб, кишининг ижтимоий танлови унинг руҳиятини белгилашини кўришимиз мумкин. Бу — табиий ҳол.
Эркак кишининг кийиниши, ўзини тутиши, муомаласи, ўзига хос одатлари, минаётган улови — у ҳақда ҳатто ўзи билмайдиган маълумотлар манбаи ҳисобланади.
Хўш, энди мулоҳаза қилинг-чи, у қандай эркак экан?
Унинг бўйинбоғдан фойдаланиши, пойабзални қандай кийиши, тақинчоқларни хуш кўриш-кўрмаслиги-ю автомобилининг русуми ва техник ҳолати ҳолати — Сизнинг у ҳақидаги хулосаларингизга мосми?