...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фақат 18+! Оилада эркак — шоҳ, аёл — доно вазир бўлиши керак! Бахт эса...


18:59, 14.10.2017 Жамият
 10 926

Аҳлоқсиз турмуш тарзи эркакларни гиёҳвандлик воситалари каби ўзига “жалб этиб”, охир оқибат уни гадойга айлантиради! Энг даҳшатлиси, “сайёҳ” юрган эркак — “таёқ”ни фарзандларининг қўлидан ейди!

Азиз ўқувчи, аввалроқ шартли равишда “Фақат 18+” деб аталган рукн орқали бизни иснодга қолдираётган айрим иллатларнинг туб илдизи қаерда эканлигини таҳлил этишга уринган эдик.
 
Кейинроқ кучли жинс вакилларининг оилавий, бундан ташқари, айрим “нозик” масалаларга муносабати ҳақида мулоҳазалар, дунё психологларининг айрим таъкидларини эътиборингизга тақдим этдик.
 
Маълум маънода хулоса ясашга уриниб, иллатларга барҳам берувчи — тарбия, тўғри тарбия учун — оилавий муҳит, мустақкам оила учун — бахт керак, ОИЛАВИЙ БАХТ керак, дедик...
 
Хуллас, оиланинг мустаҳкамлигида эр-хотин муносабатларнинг барча қирралари тўкисликда бўлишни талаб этади.
 
Хўш, бунинг учун нималарга эътибор бериш керак?
 
Уйғунлик яратинг!
 
Оилавий ҳаётдаги яқинликда ўзаро уйғунлик (гармония) яратиш ҳам ўзаро муносабатлар мустаҳкамлиги учун жуда муҳим омил. Жинсий ҳаёти рисоладагидек бўлмаган эр-хотинларнинг ўзаро муносабатларида ҳам аллақандай тушунмовчилик, бир хонадонда яшаб, битта тўшакда ухлаб, қалбан узоқ бўлиш, бир сўз билан айтганда, номутаносибликдан иборат бўлиши табиий.
 
Кўпчилик аёллар ўзларига оро бермайдилар, тозалик-озодалик, шахсий гигиена талабларига риоя қилмайдилар (бундай камчиликлар эркакларда ҳам йўқ эмас).
 
Гўшанга ҳам нозик туйғуларга ҳамоҳанг равишда тоза-озода бўлмаслиги мумкин. Бу эса эркакларга ёқмайди!
 
Умуман олганда, нозик туйғуларга боғлиқ барча унсурлар ҳам ўта нозик... Ҳатто ёруғлик-қоронғулик, сокинлик-шовқин даражаси ҳам аҳамиятга эга.
 
Эркак ва аёл ўртасидаги ҳаётий боғлиқлик шунчаки жисмоний эҳтиёж, кундалик юмуш ёки мажбурият даражасига тушиб қолмаслиги лозим. У эр ва хотингинага маълум, ўзлари яратган “муҳаббат олами”, соф туйғулардан ясалган “санъат асари” даражасида бўлиб, ҳар иккала жинснинг томирларида ухлаб ётган туйғуларини ўйғотиши, ҳаётга, эртанги кунга ишонч, қувонч, ирода ва куч бағишлаши лозим.
 
Нозик ҳаётий масалада нотурғунлик — кўпроқ эркакларга хос қусур...
 
Улар жинсий эҳтиёжлар олдида тезда енгилишлари мумкин. Бу уларнинг табиатига хос.
 
Ўзини “бозорга солиб”, қад-қомати-ю ҳусн-малоҳатини кўз-кўз қилиб, хиром айлаб ўтиб кетган аёлнинг ортидан бир лаҳзага бўлсада анграйиб қараб қолмайдиган эркаклар камдан­-кам топилса керак...
 
Бундай “қараб қолиш”ни ҳурмат ёки ўзгача “эътироф” бошқармайди, маълум маънода эркаклар табиатига сингдирилган табиий инстинкт бошқаради. Бироқ уни “жиловлаш”, аввал шаъма қилинганидек, кишининг фаҳм-фаросатига, маънавий қиёфасига боғлиқ. Агар эркак киши ўз маънавий қиёфасини йўқотса...
 
Бунинг салбий томонлари кўп, албатта. Эркак ёлғон, сохта ва вақтинчалик эҳтиросли туйғулар ортидан эргашиб ҳақиқий меҳр­-муҳаббатни ярим йўлда ташлаб кетиши ҳеч гап эмас.
 
Энг ёмони, балки фожиа — АСЛ МУҲАББАТнинг сохта туйғулар, шаҳвоний ҳирс қаршисида мағлуб бўлиши! Вақтинчалик кўнгилхушликлар, аҳлоқсиз турмуш тарзи эркакларни гиёҳвандлик воситалари каби ўзига “жалб этиб”, охир оқибат унинг ҳам маънавий дунёсини кемиради, ҳам “чўнтагини” касод қилиб, ўзини том маънодаги гадойга айлантиради! Энг даҳшатлиси, “сайёҳ” юрган эркак — “таёқ”ни аёлидан эмас, фарзандларининг қўлидан ейди!
 
Шунинг учун ҳам аёл мукаммал бўлиши, эрини шоҳ қилиб, ўзи доно вазирга айланиши, унинг яхшисини ошириб, ёмонини яшириб яшаши лозим.
 
Аёл ҳам, эркак ҳам бир-бири учун кашф қилинган бўлиши билан бирга бироз сирлилигини йўқотмаслиги даркор.
 
Ёдда тутинг, “ишғол қилинган” қалъа саркарда учун ўз тароватини йўқотганидек, тўлиғича кашф қилинган аёл ёки эркак қарама-қарши жинс вакилига нисбатан қизиқишини йўқотиб қўйиши мумкин.
 
Меҳр-муҳаббат ҳам, гина-араз ҳам, ширин-аччиқ гаплар ҳам ўз ўрнида моҳирона ишлатилиши лозим. Эркаклар аёлларнинг мукаммал бўлишини истайдилар. Уларнинг доно ташаббусларини аввалига инкор этсаларда, бироқ бироздан сўнг уни худди ўзининг ташаббусидек қилиб кўрсатиши ва уни қўллаб-­қувватлаган ҳолда амалга ошириши ҳам мумкин.
 
Эркакларнинг кучли эканликлари ҳам балки шундадир, худди аёлларнинг оқилаликлари ҳам ўз муносабатларига боғлиқ бўлганидай.
 
Эркаклар туну кун нолийдиган, қўпол сўзлар билан кишини хуноб қиладиган аёлларни хуш кўрмайдилар, гарчи ўзлари худди шундай, баъзида қўполсўз, баъзида майдагап бўлиб турсалар­да...
 
Эркаклар негадир аёлларнинг жони қирқта эканлигига ишонишади. Масалан, эр­-хотин битта ташкилотда, бир хил вазифада (хоҳ жисмоний, хоҳ ақлий меҳнат фаолияти бўлсин) ишласаларда, уйга келган заҳоти чарчаганини рўкач қилиб диванга ёнбошлаб олиши мумкин.
 
Аёл эса, унинг наздида, уй-­рўзғор ишларига енг шимариши лозим... Кейинги ҳангома ўзингизга маълум! Айрим ҳолатларда дока­рўмолга “қийин” бўлиб қолиши аниқ.
 
Умуман, эркакнинг барча истеъдод қирраларини очиб берган ва буни унинг, ўзининг, қолаверса оиласининг эҳтиёжу мақсадларида ишлата билган аёл — энг мукаммал аёлдир!!!
 
Айтадилар-ку, эрни эр қиладиган ҳам, қора ер қиладиган ҳам хотин, деб.
 
Муҳими — ҳар бир сўз, ҳар бир ҳаракат, орзу-истаклар ва уларнинг ижобатида эр-хотин ўзаро уйғунлик даражасини топиш!
 
Уйғунлик бор жойда барча иш-юмушлар хамирдан қил суғургандай осон кечади ва ортиқча кўнгилсизликларга ўрин йўқ.
 
Уйғунлик яратиш учун эса аёл ва эркакнинг “тупроғи”, яъни насл-насаби, тарбияси, дунёқараши ва қизиқишлари бир-бирига яқин, бири иккинчисини тўлдирадиган бўлиши лозим.
 
Халқимиз тилида айтсак, юлдузи юлдузига тўғри келиши керак!
 
Хуллас калом, барча ўз юлдузини топиши ва у билан умргузаронлик қилишига тилакдошмиз...
 
Мулоҳаза қилинг!
 
Тан олиш ҳам мардлик...
 
Инкор этиш таркибида ҳам тан олиш ҳиссаси мавжуд!
 
Бахтли бўлинг! Бахт тилсими эса ...ўзингизда!!!
 
Сўз бошида жамиятдаги иснод келтирувчи иллатни тилга олиб, унинг илдизини топиб, чопиб ташлашга қодир эмаслигимни бошиданоқ билгандим.
 
Мақсадим, жамоатчилик эътиборини тортиш! Ниятим — сўз аталмиш қудратли дармон орқали қайсидир оиланинг бутунлиги сақлаш, бахтини мустаҳкамлаш эди.
 
Ниятимга бир қадар етган бўлсам, бугунги кунимдан розиман...
 
Омон бўлинг!
Улуғ БЕК

Теглар:Оила институти Долзарб масала Оилавий ҳаёт Бахт тилсими Эркак-аёл муносабатлари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

nodirbek
10:28 20.10.2017

Maqolada nozik masalalarni imkon qadar tushunarli bayon qilishga urinish barobarida muammolarga oid ochiq-sochiq faktlar, misollardan yiroq bo‘lishga harakat ham sezilib turadi. Andisha nuqtai nazaridan, manimcha. Buni safsata deydiganlarning ongidagi tushunchalari safsata! Bu kabi mavzularga qo‘l urishdan oldin jurnalistlar sizga o‘xshaganlar shunchaki ko‘tarolmaydigan kitoblarni o‘qishadi, tahlil qilishadi, so‘ng "fikrlar qaymog‘ini" kerak bo‘lsa "matoga o‘rab" o‘quvchilarga e’lon qiladi... Jur’at - sizning farosatsizlikcha bildirgan fikringizda emas! Jur’at - mavjud muammoni ayta olishda...


Дадилбек
21:02 14.10.2017

Мақола бошдан оёк сафсатадан иборат! Гапларимни чиқазишга етадими журъат?



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар