Футбўлчиларимиз аллақачон Жанубий Кореяга етиб бориб, чигал ёзди мажғулотларини ҳам ўтказди.
Жанубий Корея пойтахти Сеулда бўлиб ўтадиган ўйинга терма жамоамиз 13 ноябрь куни алоҳида чартер рейси билан етиб борди. Жамоамизнинг чартер рейсида келгани мезбон мамлакат ОАВсини бироз ҳаяжонга солди ва бу ҳолни ўйин Ўзбекистон учун қанчалик муҳим эканига йўйди.
Кореяликлар терма жамоамиз қандай самолётда келганини муҳокама қилаётган бир вақтда бизнинг муҳлисларимизни “Эртанги ўйин қандай натижа қайд этилар экан?”, деган савол қизиқтирмоқда.
Албатта, ҳар бир ўйинда ғалаба биз учун муҳим саналган. Лекин, бу сафар хаммаси бошқача. Чунки Жаҳон чемпионатига чиқишимиз учун икки қадам бор. Икки қадам, дейишимизнинг ҳам сабабини билиб турибсиз. Сабаби шуки, терма жамоамиз саралаш босқичининг биринчи давраси доирасидаги ўйинларини якунламоқда. Ҳали олдинда иккинчи давра ҳам бор. Унда терма жамоамиз ўрин олган “А” гуруҳидаги ҳолат қай тарзда ўзгаришини олдиндан айтиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам эртанги ўйинда зафар қучиш Ўзбекистон терма жамоаси учун сув ва ҳаводек зарур.
Ўйинчиларимизга қийин бўлиши аниқ. Ахр улар меҳмонда тўп суришади. Бундан ташқари Корея термаси ҳам ўзининг гуруҳдаги аҳволини яхшилаш учун бор кучи билан ҳаракат қилади. Ўйин қийин бўлишини тахмин қилаётган кўпчилик эртангги футбол учрашувига “Йил ўйини”, дея баҳо бермоқда.
Биз терма жамоамиз футболчиларига куч-қувват тилаган ҳолда, эртанги учрашувда қўллари баланд келишига умид қилиб қоламиз.