Самарқанддаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун келган Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон Президенти билан учрашди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий сайтида берилган хабарда учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилингани қайд этилган.
2017 йилнинг сентябрь ойида Остона шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ўтган олий даражадаги икки томонлама учрашув Ўзбекистон–Эрон муносабатларининг фаоллашувига хизмат қилгани таъкидланди.
Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида кооперацияни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё минтақасида самарали транспорт-коммуникация тармоғини барпо этиш йўналишларида олиб борилаётгани таъкидланди.
Ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суришда Ҳукуматлараро қўшма комиссия муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Эрон ташқи ишлар вазири Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳонийнинг эзгу тилакларини етказгани хабар қилинди.
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга бағишланган халқаро анжуманда иштирок этгани ҳақида хабар берган эдик.
Маълумот учун, Эрон Ислом Республикаси Ўзбекистон маҳсулотларини жаҳонга экспорт қилишда энг асосий транзит ҳудуди ҳисобланиб, Эрон портлари орқали халқаро сувларга чиқади.